Норматив-ҳуқуқий ҳужатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу соҳада давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларда ноқонуний объектлар қуриш ҳамда тегишли ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш тўғрисида аниқланган ҳолатлар ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан БҲМнинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Қонун лойиҳасида белгиланишича, 2021 йил 1 августдан бошлаб янги ажратилган ер участкаси ёки қурилган (қурилиши тугалланмаган) бошқа кўчмас мулк объектининг фасад қисмида уларнинг эгалари томонидан QR-код жойлаштирилади.
Шу мақсадда 1 августгача барча ер фонди участкалари, бино ва иншоотлар, шу жумладан енгил қурилмалар хатловдан ўтказилиб, давлат реестрига QR-код бириктирилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлинмаси:
• ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу объектга кириш учун вақтинча чеклаш бўйича далолатнома тузилади ва зарур ҳолларда унинг атрофи тўлиқ лента билан ўраб олинади;
• вақтинча чеклов ўрнатилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси (бино, иншоот)ни бўшатиш, унда жойлашган ноқонуний қурилиш объектини ихтиёрий бузиб ташлаш тўғрисида қурилишни амалга оширган (ошираётган) жисмоний шахсга ёки юридик шахснинг раҳбарига (унинг вакилига) қатъий ҳисоби юритиладиган рақамланган махсус огоҳлантирувчи ёзма кўрсатма беради.
Ёзма кўрсатма талаби 15 кунлик муддатда бажарилмаганда:
• Агентликнинг ваколатли мансабдор шахси тегишли маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ҳамда ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси (бино, иншоот)ни бўшатиш ва ер майдонини ўз ҳолатига келтириш бўйича судга даъво аризаси киритади;
• Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахс(лар) ёхуд ваколатли бошқа давлат органи томонидан ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш бўйича судга даъво аризаси киритилишига рухсат берилади.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу объектга кириш учун вақтинча чеклаш талабига бўйсунмаслик ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик этиб баҳоланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.
2022 йил 1 сентябрдан:
• Агентликнинг ваколатли мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобиль қурилма (кейинги ўринларда – планшет) орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади ва ҳуқуқбузарга ахборот-телекоммуникация тармоғи орқали ушбу баённоманинг электрон ёки қоғоз шаклини тақдим этади;
• баённомани тузувчи мансабдор шахс ҳуқуқбузарнинг биометрик ҳужжатларини планшет ёрдамида ёки юз тузилишини расмга олиб ёхуд бармоқ изларини тушириш орқали реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва (ёки) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази базасидан унинг шахсини аниқлайди;
• ҳуқуқбузар баённомада кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни ўзи содир этганлигига эътироз билдирмаган тақдирда, у баённомани планшетдаги махсус сканерловчи ускуна орқали бармоқ изларини тушириш йўли ёки электрон график имзоси билан тасдиқлайди. Ҳуқуқбузар ўзининг жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиш ёки имзолаш имкониятига эга бўлмаса, баённома унга ўқиб эшиттирилади ва ваколатли мансабдор шахс томонидан бу ҳақда баённомага белги қўйилади;
• ҳуқуқбузарга тайинланган жаримани “Электрон ҳукумат”нинг ягона биллинг тизими орқали масофавий тўлаш имконияти яратилади.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ерга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш, шунингдек ерга оид ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш тартиботлар “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – “E-YER NAZORAT” ААТ) орқали амалга оширилади ҳамда Агентлик унинг оператори ҳисобланади.
“E-YER NAZORAT” ААТга ерга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида киритиш ва ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш учун Агентлик, Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Агентлик, Қурилиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудларда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, тегишли маъмурий ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Белгиланишича:
• ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини мониторинг қилиш Агентлик томонидан ҳар йили 1 мартга қадар тасдиқланадиган режа асосида амалга оширилади;
• ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини мониторинг қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
• ерларни мониторинг қилиш, уларни хатловдан ўтказиш ва ўлчаш, шунингдек кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ва ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади;
• учинчи шахсга тегишли бўлмаган ёки низо предмети ҳисобланмаган ўз ҳудудига туташ ер участкасида шаҳарсозлик ҳужжатлари асосан умумий ер участкасининг 2 фоизигача бўлган майдонда ўзбошимчалик қурилиш ишларини (жойлаштириш) амалга оширганлик (эгаллаб олганлик) ҳар бир сотих ва фойдаланилган йил даври учун мазкур ер тоифасига белгиланган ер солиғи ставкасига нисбатан 100 карра миқдорида тўлов амалга оширган жисмоний ва юридик шахсларга, ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқи расмийлаштирилади ва мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ўзгартириш киритилади (муҳофаза зоналари ҳудудларида ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкалари бундан мустасно). Ушбу маблағлар тўлиқ Республика бюджетига йўналтирилади;
• 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларда ноқонуний объектлар қуриш ҳамда тегишли ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш тўғрисидаги янги аниқланган ҳолатлар қайд этилган хабар берган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;
• Агентликнинг дастурий таъминотини қайта ишлаш, зарур бўлган техник ускуналар, сервер, планшет, дастурларни ва бошқа моддий-техника ашёларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопаланади.
Маълумот учун, фуқаролар нотўғри жойда ахлат ташланган ҳолатлар, лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳамда йўл ҳаракати қоидабузарлиги ҳақида хабар берганликлари учун ҳам пул мукофоти берилади.
Тасодифий хабарлар
Россиядан мигрантлар жўнатаётган пул қанчага камайиши айтилди
Фарғонадаги аёлни эри ёқиб юбормагани аниқланди
Ижтимоий тармоқдаги рекламадан солиқ тўланадими?
Мажбурий меҳнат: 5 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди
Мирзиёев Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди