Бухорода маст қудалар 3 ёшли қизалоқ ўлимига сабабчи бўлди

Бухорода маст қудалар 3 ёшли қизалоқ ўлимига сабабчи бўлди

Бухоро вилоятининг Пешку туманида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда трактор бошқарган қудалар уч ёшли қизалоқ ўлимига сабабчи бўлди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 24 апрель куни Пешку туманининг «Миришкор» МФЙ Мусича қишлоғида яшовчи 1995 йилда туғилган С.Д. уч ёшли қизи Д.ни томорқасига етаклаб чиққан. Она томорқа ерининг намлиги боис, қизини қишлоқни кесиб ўтувчи йўл четида қолдирган. Ўзи эса қизидан чамаси икки метр узоқликдаги томорқасида ишлаётган бўлган. Шу пайт ҳаракатланиш қоидасини бузиб, тезликни оширган ҳолда юриб келаётган тракторга кўзи тушган ва қизини олиш учун унинг ёнига югурган. Бироқ улгурмаган.

«Онанинг кўз олдида боласини тракторнинг темир лангарлари судраб кетган. Қизалоқ воқеа жойида вафот этган. Жудаям хунук ҳолат бўлди. Аёлнинг яна бир нафар 1,5 ёшли ўғли бор. У уйда бўлган. Аллоҳ асрасин», — дейди воқеа ҳақида гапирган маҳалла фуқароси.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, трактор ичида маст ҳолдаги қудалар — Б.С. ҳамда Қ.А. бўлган. Маҳалладошларининг сўзига кўра, трактор Қ.А.га тегишли бўлган. Ҳар иккиси ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тракторга ўтирган. Тракторни Қ.А. бошқара олмагач, Б.С. қудасининг қўлидан рулни олишга уринган ва фожиага сабаб бўлган.

«Дарё» мухбири ушбу фожиа ҳақида вилоят ИИБ томонидан расман маълумот берилмагани сабаби билан қизиққан. Бунга жавобан эса вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати фожиадан бехабар эканини маълум қилган. Масъулларнинг сўзига кўра, бундай жиноятни содир этган шахсларга нисбатан Жиноят кодекснинги 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жазо қўлланилади.

Ҳудуд профилактика инспектори Элбек Рўзиевнинг билдиришича, фожиани келтириб чиқарган ҳар икки шахс воқеа содир бўлган пайтда туман ИИБга олиб кетилган. Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

×