Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 8 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев мактабларга рўмол ўраб келаётган қизларга нисбатан бўлаётган қаршиликлар юзасидан изоҳ берди.
«Таълим сифатига шу масала муҳимми, дея кўпчилик савол беради. Қачон келмайлик, таълим сифатини ҳақида гаплашамиз деганимизда, шу мавзудан гап бошлайсизлар. Ҳеч қанақа норматив ҳужжатларда ўзгариш бўлмаган. Албатта, давлатда ўрнатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бор, мактабнинг одоб-ахлоқ қоидалари бор. Бу фақатгина қизларнинг рўмол масаласи эмас, алоҳида дин учун, болаларнинг қайсидир хусусиятлари бўйича ҳам бошқача кийиниш масаласи бўлиши мумкин.
Буларнинг ҳаммасига ўрнатилган тартиб бор. Ҳаммангиз яхши биладиган мактаб бўйича қарор бор. Унда белгиланган тартиблар бор. Шу билан бирга, халқ таълими вазирлиги 2020 йилда миллийликни тарғиб этиш, урф-одатларимизга меҳр кўпайиши учун миллий руҳдаги (айнан оч рангдаги) рўмол ўраш бўйича баёнот берганди. Бу бўйича ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.
Шунингдек, вазирлик вакили мактаб формасининг тартиби борлигини, бироқ қўшимча хусусиятлардан келиб чиқиб, вазиятни тушуниш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ота-оналар ва ўқувчилар белгиланган тартиб қоидаларга жавоб бериши кераклигини қайд этди.
«Яъни форманинг тартиби бор, лекин қўшимча хусусиятлардан келиб чиқиб, қандайдир вазиятни тушуниш ҳолатлари бор. Мисол учун, миллий дўппи кийиб келаман дейиши мумкин, унга ҳам тўғри қараш масаласи бор. Лекин 10 мингта мактабни 10 мингта директори бор, ҳаммасининг дунёқараши ҳар хил. Албатта, бу бўйича вазирлик ёки бошқа идора алоҳида топшириқ бермаган.
Бундай ҳолатлар юзасидан аниқ бир одамга чора кўриш керак, фикримча. Кимдир ўқишга келаман деса, уни дарсга киритмаслик ҳам тўғри эмас. Бироқ кийиниб юриш одоб-ахлоқ қоидаларини ҳам ота-оналар, ҳам болалар мактаб ҳудудида белгиланган тартибга жавоб бериши керак деб ҳисоблайман», — деди Усмон Шарифхўжаев.
Тасодифий хабарлар
Қонунчиликда нимани сақлаб қолиш ва нимадан воз кечиш кераклиги муҳокама этилди
Ўзбекистонда “тонировка” учун тўлов буткул бекор қилиниши мумкин
Ўзбекистонда энг арзон ва энг қиммат ош қаерларда сотилмоқда?
Гавҳар Шарипованинг ўлими бўйича қўшимча маълумот берилди: «Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинасидан ўзини ташлаган»
Пора билан ушланган судьяга жиноий иш қўзғатилди