Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган ходисадан бохабар бўларкансиз, сизнинг кўнглингиздан ҳам шу таҳлит гап ўтиши табиий. “Одамларга нима етишмайди-я?” Ва жавоби хам тилингизда ҳозир: Тўқликка шўхлик бу!
Дарҳақиқат шундай. Акс ҳолда қачонлардир бўлиб ўтган жанжални дилига тугиб қасос ўтида юрармиди инсон? Ваҳоланки суд бўлган, жазо берилган, ҳатто томонлар ярашиб узр-маъзур ўртадан адоватни кўтариб ташлаган бўлса!
Шамси Сафоев билан Маъмур Шахобов маҳалладош. Айтиб ўтганимиздек аввалроқ уларни ўртасида гап қочган. Жанжал ур-сургача бориб етгач М.Шахобов Ш.Сафоев ҳамда унинг укаси Х.Сафоевга тан жароҳати етказади. Ака-ука касалхонага ётишади ва иш судгача боради. Қолгани сизга аён.
Орадан йил эмас, йиллар ўтганди. Маҳалладошлар кўча-кўй, тўй-ҳашамларда гарчи аввалгидек бўлмасада салом-аликлари бор эди.
Инсоннинг ичини билиб бўлмас экан, деган гапнинг исботи ўларок, карангки, Ш.Сафоев М. Шахобовга ўзи жазо беришни дилига тугиб кўйган экан.
Ният, лафз хох яхши бўлсин, хох ёмон бир кун манзилга олиб боради. Шамсининг чиркин нияти хам кундан кун уни қалбини адоватга тўлдирар, елкасига минган шайтонни семиргандан семиртирарди.
Кичик тадбиркорлик билан шуғулланиб, мол боқиб гўшт етиштириб халқига хизмат қилиб юрган бу шахсни аслида ёмон одам хам деб бўлмасди. Маҳаллада фаол, қийинчилиги борларга ёрдам ҳам қилиб турарди.
Унинг хатоси қалбидан ҳусуматга жой берганида эди. Ана шугина кўнглига ғаразлик, ваҳшийлик уруғини қадаб қўйди. У шу қадар ниш урдики қўшнисини ўлдириш, уйига ўт қўйиш, оиласини йўқ қилишдек режани қилганда юраги жиз этиб қўйгани йўқ. Ш.Сафоев бир неча бор жиноятлар содир этиб қамалиб чиққан ҳамюрти Фотих Жаниевга ичидагини тўкиб солади. Ундан ёлланма қотил топиб беришини сўрайди.
Қарангки, у қалби тош бўлиб кетган деб ўйлаган Фотихнинг бу режадан юраги ортига тортиб кетади. Ш.Сафоевни бу йўлдан қайтармокчи ҳам бўлади. Аммо қарор катъий эди.
-Қотилни ўзинг топасан ва ўзинг гаплашасан. Мен сенларга пул тўлайман. Иш силлиқ, иси чиқмайдиган бўлиши керак.
Хизмат 3000$га баҳоланади.
Дастлаб 100$ берган Сафоев Фотихни қўлига яна 1400$ни тутқазади.
- Қолганини Маъмурни ўлигини кўрганимдан сўнг оласизлар. Уни қандай ўлдирганларингни расмга олиб келасан. Уйига ўт қўй!
- Уйига ўт қўйилса оиласи, норасидалар жабр кўради-ку! Бунга ёлланган танишларим ҳам кўнмайди. Сени ҳисобинг Маъмурда уни ўзи етади.
Фотихнинг гапидан Шамси ҳартугул шаштидан тушади ва унда Маъмурни ўзини ўлдиришларини тайинлайди.
Ҳар қандай ёмонликни жиноятчилар ўзи ҳам ҳис этиб туради. Гарчи алам, жаҳл, кабоҳат унга йўлбошчи бўлган тақдирда қам. Қанийди, қалб кўзини очиб ҳаётга, атрофига, ўз келажаги, қисматига шу он бир назар ташлай олсайди.
Афсуски шу қудрат етишмайди уларда.
Фотих эса ўзидан ана шу кучни топди. У мудҳиш жиноят содир бўлиши, бир инсон бевақт, бешафқат ўлим топиши, бир эмас бир неча киши эса оғир жиноятга қўл уриши мумкинлигини кўриб турарди. У қалб амри билан бу жиноятнинг олдини олишга қарор қилди.
Режа қандай бўлса шундай давом этди. Фақат эзгулик йўлида. Маъмур Шахобов ҳам огоҳ этилди. Ўз ўрнида унга грим қилиниб "ўлик" ҳолдаги сурати Ш.Сафоевга кўрсатилди ва у иш якунидаги пулларни Ф.Жалиевга тутқазаётган вақтида кўлга олинди.
Албатта, Ш.Сафоев вазиятдан чиқиш, ўзини оқлаш йулида турли важлар келтириши табиий эди ва шундай бўлди ҳам.
Ҳуқуқий идора вакиллари томонидан Ф.Жалиев телефонига мослаштирилган овоз ёзиш қурилмаси унинг сўзларини инкор этиб ҳақиқий юзини, кабих ниятини очиб ташлади. Бундан ташқари гувоҳлар кўрсатмаларидан ҳам унинг М.Шахобовга нисбатан қарашларининг яхши эмаслиги, гарчи сир бермасада аламзадалигини англаш мумкин.
Фожеанинг олди олиниб бир инсон ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо жиноят содир этиб бўлинганди. Холбуки ўзганинг ҳаётига қасд ёки суиқасд қилиш энг оғир жиноятлардандир.
Шу маънода муддаойимиз ҳеч бир жиноят беиз кетмагани холда бирон бир инсоннинг бу йўлга билиб-билмай кириб умрини ҳавога совурмаслиги ягона истагимиз эканлигини таъкидлашдир.
Омон Арабов,
Олий суд судьяси
Тасодифий хабарлар
Тошкентда қайси вилоят ҳайдовчилари кўпроқ таксичилик қилаётгани айтилди
O‘zbekiston birjasida dollarning kursi ketma-ket uch kun davomida pasaymoqda
Президент Экоқўмита раисини ишдан олди
Эрон иккита сунъий йўлдошини учиришга тайёрланмоқда
Шавкат Мирзиёев ой охирида Россияга боради