“Уруш бадалини оддий одамлар ўз ҳаёти билан тўлайди”. Зеленский рус тилида мурожаат йўллади

“Уруш бадалини оддий одамлар ўз ҳаёти билан тўлайди”. Зеленский рус тилида мурожаат йўллади

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. 

Президент Зеленский видеомурожаат аввалида украинларга Ғарб давлатлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган сўнгги музокаралар ҳақида маълумот берган. Кейинги фикларини рус тилада давом эттириб, рус қўшинларининг икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтиши “катта уруш” бошланишига сабаб бўлишини айтган.  

Икки тилдаги мурожаатда Зеленский Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали гаплашишга уринганини маълум қилган. 

“Натижа – сукунат, гарчи сукунат Донбассда бўлиши керак бўлса ҳам”, дейди у. 

Шунингдек, Зеленский россияликларга Президент эмас, балки Украина фуқароси сифатида мурожаат қилаётганини урғулаган. Унинг эслатишича, Россия ва Украина 2 000 километрдан ортиқ умумий чегарага эга – “сизнинг қўшинларигиз бугун унинг ёнида турибди”, деган у. Унга кўра, булар 200 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва кўплаб ҳарбий техникалардир. 

“Сизнинг раҳбариятингиз уларнинг бошқа давлат ҳудудига қадам қўйишини маъқуллади ва бу қадам катта урушнинг бошланиши бўлиши мумкин”, дея огоҳлантирган Украина раҳбари. 

Зеленскийга кўра, “руслар ва украинлар бир-биридан фарқ қилади, лекин бу душман бўлиш учун сабаб эмас”. 

“Украина халқи, ҳукумати тинчликни хоҳлайди ва қўлидан келганини қилади. Уруш – бу катта муаммо, бунинг учун сиз яқинларингиз ва ўз ҳаётингиз билан бадал тўлашингиз керак. Уруш барчани кафолатидан маҳрум қилади, ҳеч ким хавфсизлик кафолатига эга бўлмайди. Бундан ким кўпроқ азият чекади? Одамлар”, дейди Президент. 

×