Ўзбекистонда 1 октябрдан машина бошқариш учун яқин қариндошлар ўртасида ишончнома бериш тартиби бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда 1 октябрдан машина бошқариш учун яқин қариндошлар ўртасида ишончнома бериш тартиби бекор қилиниши мумкин

«Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди (https://regulation.gov.uz/uz/document/4931). Лойиҳада нотариат институтини такомиллаштиришга оид айрим янгиликлар бор. Жумладан, қуйидаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши режалаштирилмоқда:

▪️ 2019 йил 1 октябрдан — транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш тўғрисидаги ишончномани;

▪️ 2020 йил 1 январдан — юридик шахсларнинг, хусусан банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, янги кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича лизинг, гаров (ипотека) шартномаларини. Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.

Агар фармон лойиҳаси жорий таҳрирда имзоланадиган бўлса, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб машина ҳайдаш учун яқин қариндошлар — ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингилларни суғурта полисида кўрсатишнинг ўзи кифоя, нотариусдан ишончнома олиш шарт бўлмайди. Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 4 августга қадар давом этади — муҳокамада қатнашинг (https://regulation.gov.uz/uz/document/4931)!

×