Лола Каримова қизи Марям билан алоқани узгани маълум бўлди

Лола Каримова қизи Марям билан алоқани узгани маълум бўлди

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев қизи Марям билан алоқаларни узган. Бу ҳақда Марям Тилляеванинг турмуш ўртоғи блогер Амиран Сардаров “Тўғридан тўғри савол” номли YouTube шоусига берган интервьюсида сўз очган. 

Амираннинг айтишича, у Марямнинг ҳаётида пайдо бўлгач, қизнинг ота-онаси у билан алоқаларни узган. Улар Амиранни оилага мос куёв сифатида қабул қилмаган. 

35 ёшли блогер Амиран Сардаров интервьюларда кўп бора “оила қуриб яшаш мен учун эмас” деб  таъкидлаб келган. Аммо у ҳозирда рафиқаси Мариям Тиллаева билан бахтли экани ва ҳатто баъзилар уларнинг бахтига хасад қилишини айтган. Унга кўра, ушбу бахтга эришиш учун жуфтлик катта йўқотишлар қилишига тўғри келган.   

Марямнинг ота-онаси қизи ўзига мос жуфтни танлашига умид қилишган, аммо унинг бир блогерга турмушга чиқиш ҳақидаги қарори ҳамма учун кутилмаган ҳодиса бўлган.

Амиран ўзи ва рафиқаси Марямнинг ота-онаси билан тил топишишда муаммога учраётганини тан олган. 

“Мен аввалгидек шахсий ҳаётим ҳақида очиқ гапиришни хоҳлардим, лекин шуни очиқчасига айта оламанки, Маша иккимиз унинг ота-онаси билан яхши муносабатда эмасмиз. Унинг ҳаётида мен пайдо бўлишим билананоқ, улар қизи билан гаплашмай қўйишган. Мен ҳозирча фақат шуларни айта оламан, холос”, дея таъкидлаган блогер. 

Марямнинг ўзи нима дейди? 

Амиран Сардаров бугун оила сирини ташқарига чиқарди. Бугунгача Марям Тилляеванинг ўзи ота-онаси билан бузилган муносабатлари хусусида миқ этмаган. Аксинча, уларни яширишга уринган. Жорий йилнинг 27 апрель куни у Instagram'даги саҳифаси орқали обуначилари билан мулоқот қилиб, Амиран Сардаров билан оила қуриш ҳақидаги танловига ота-онаси ҳурмат билан муносабатда бўлганини айтган эди

Марям Тилляева россиялий блогер Амиран Сардаров билан жорий йилнинг апрель ойида турмуш қурди. Шу йилнинг август ойида эса ижтимоий тармоқларда Марям Тилляеванинг яланғоч ҳолатдаги сурати тарқалди. Кейинроқ ушбу сурат унинг турмуш ўртоғи Амиран Сардаровнинг Instagram’даги саҳифасидан кўчириб олингани маълум бўлди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Кўпчилик Марямни бобоси Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурматсизликда айблади. 

Орадан кўп ўтмай, Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали баёнот билан чиқиб, бу қизининг шахсий ҳаёти экани ва уни Биринчи Президент Ислом Каримов билан боғлаш ноўринлиги ҳақида гапирди. 

Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.

Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош. Бугунгача собиқ биринчи хоним оила атрофидаги машмашаларга матбуот орқали муносабат билдирмаган.

×