Қимматга тушган хато: “Толибон” Душанбедаги элчихонага қарийб $1 млн ўтказиб юборган

Қимматга тушган хато: “Толибон” Душанбедаги элчихонага қарийб $1 млн ўтказиб юборган

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси ҳисобига янглишиб 800 минг доллар ўтказиб юборган. Афғонистон элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар бу маблағ уларга қайтарилмаслигини маълум қилди.

Таъкидланишича, давлат тўнтариши пайтида Афғонистондан қочиб кетган Президент Ашраф Ғани ҳукмронлигининг сўнгги кунларида Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасига 786 минг доллар “хатолик” билан ўтказилган ва ҳозирда “Толибон” пулларни қайтариб беришни талаб қилиб хат жўнатган. 

“Толибон”нинг деярли 800 минг доллар бўлган ушбу маблағни талаб қилишга ҳаққи йўқ, чунки Афғонистон элчихонаси Афғонистон Ислом Республикасининг расмий дипломатик идораси ҳисобланади ва шунинг учун бу ерга турли миқдорда маблағлар келиб тушади, улар ҳақида “Толибон” савол беришга ҳақли эмас”, деган элчи. 

У элчихона “Толибон”ни тан олмаслигини эслатган. 

“Биз деярли бутун дунё каби “Толибон”ни расман тан олмаймиз ва улар биздан қонуний ҳукуматнинг пулларини қайтаришимизни талаб қиладиган ким бўлибди? Ҳозир биз (элчихона) кичик бир Афғонистонмиз, кўп сонли фуқароларимиз шу ерда яшаб, ишлайди. Душанбеда биз ёрдам бера оладиган 10 мингга яқин афғонлар яшайди ва ишлайди”, деган Агбар. 

Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.   

Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.

×