ДХХ вилоятларда 2,4 млрд сўмлик ноқонуний товарлар контрабандасига чек қўйди

ДХХ вилоятларда 2,4 млрд сўмлик ноқонуний товарлар контрабандасига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида жами 2,4 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар контрабандасига чек қўйди. Бу ҳақда Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги «Қизилёзи» блокпостида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Наманган тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда Нанай–Наманган йўналишида Ўзбекистон фуқароси бошқарувида ҳаракатланиб бораётган Lacetti белгиланган тартибда тўхтатилиб текширилганда машинадан божхона қоидаларини бузиб, чегарадан олиб ўтилган, чет элда ишлаб чиқарилган, умумий нархи 150 миллион сўмга тенг уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, шу блогпостда Нанай—Чортоқ йўналишида ҳаракатланиб бораётган Hyundai машинаси текширилганда чегарадан ноқонуний йўллар билан мамлакатга олиб кирилган, умумий қиймати 400 миллион сўмга тенг озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника воситалари қўлга олинган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти «Чинор» йўл-патруль масканида Hyundai машинаси текширилганда унинг салонида чет элда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган 1 миллиард 576 минг сўмлик парфюмерия маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Шу билан бирга, Фарғона вилоятида 139 миллион сўмлик парфюмерия маҳсулотлари, 342 миллион сўмлик уяли алоқа воситалари, Андижон вилоятида 102 миллион сўмлик кийим-кечаклар, Тошкент вилоятида эса 270 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлар контрабандасига чек қўйилган.

Қайд этилишича, бу каби ҳолатлар бўйича жами 2 миллиард 403 миллион 576 минг сўмлик ноқонуний товарлар олиб ўтилишининг олди олинган. Ҳозирда содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

×