Ҳар бир халқ, миллат учун ўз ватанининг рамзлари муқаддас ҳисобланади. Боиси уларда ўша халқнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатлари ўз аксини топади. Ана шундай рамзлардан бири бу давлат байроғидир.
Ҳар йили давлатимиз рамзи бўлган байроғимизнинг қабул қилинганлиги муносабати билан жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинади.
Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва Наманган шаҳаридаги 20-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида Давлатимиз байроғига нисбатан ҳурмат, эътибор, шунингдек улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Байроғимиз – фахримиз” мавзусида маънавий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.
Тадбирда мавзу юзасидан Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдурахмон Сафаев маъруза қилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган 7 сессиясида қабул қилинган.
Биз жорий йилда мамлакатимизнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол бўлган давлатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллигини кенг нишонлаймиз.
Давлатимиз байроғи бошқа рамзлар билан бирга халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Байроғимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.
Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазавордир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи-байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўрт бурчак шаклидаги матодир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенлиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикасининг оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу-яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради.
Бобомиз Амир Темур давлати байроғи ҳам мовий рангда бўлган.
Байроқдаги оқ ранг - муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг - поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг - табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимизни рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йил номамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимимз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Тадбирда Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатига интилиши рамзи сифатида тушуниш лозимлигини таъкидлаб ўтилди.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналариммиз пештоқида ҳилрираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашётган халқаро миқёсидаги сиёсий маданий-маърифий тадбирларда, олимпиада уйинларидан тортиб бошқа нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс этирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилиб мадҳиямиз янграган лаҳзаларда ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан байроғимиз тўғрисида шерлар ўқилиб ва бадиий чиқишлар қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳайётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.
Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир.
судья катта ёрдамчиси Алимардон Шарипов,
Тасодифий хабарлар
10 нафар “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди
Қашқадарёда ака укасини боғлаб, ёқиб юборди
Ўзбекистонда Хитой вакцинаси билан эмлаш бошланди
Нурсултон Рўзибоевнинг навбатдаги жанги санаси ва рақиби аниқ бўлди
Сенаторлар 2022 йил учун Давлат бюджетини маъқуллади