“Туркистон ислом ҳаракати” (ТИҲ) халқаро террористик ташкилоти аъзоси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўта оғир жиноятларни содир этгани сабаб 23 йилдан буён қидирувда бўлган Ю.Ж. исмли шахс Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қайд этилишича, у 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам қатнашган. Қидирувдаги ушбу шахс хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган.
Маълумот учун, Ю.Ж. 1969 йил Тошкент вилоятида туғилган. 1998 йилнинг бошларида Россиянинг Чеченистон Республикасига бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган ва ўша йилнинг охирларида Афғонистондаги ТИҲ халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.
У 1999 йилнинг январь ойида ташкилот етакчиларининг кўрсатмаси билан айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширган ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги ТИҲ етакчиларига юборган.
Мазкур шахс 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам иштирок этган. Шунингдек, 1998-2006 йилларда хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган.
Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорлиги юзасидан судланган 5 нафар шахсга оқлов ҳукми эълон қилинган эди.
Маълумот ўрнида, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда бир қанча қўпорувчилик ҳаракати рўй берганди. Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Тасодифий хабарлар
Путин энди Арманистонга бора олмайди
NAMANGANLIKLAR.UZ журналисти фуқаролар хужумига учради
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Жапаров Мирзиёевни ЕОИИ олий кенгаши йиғилишига таклиф қилди
ЙҲХББда алоҳида катта инспектор лавозими жорий этилади