“MY5“ телеканалида “Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 18 ёшли йигитнинг ўлими сабаблари ҳамон очиқлигича қолмоқдами?” мавзусида лавҳа узатилиб, унда ёш йигитнинг вафоти юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сукутда эканига урғу берилганди.
Мазкур лавҳа намойиши ижтимоий тармоқларда ҳам бир-бир уланиб кетди. Баҳс-муҳокамалар ҳам шунга яраша бўлаётир.
Айни ҳолатлардан келиб чиқиб, "Xabar.uz" Бош прокуратура билан боғланди.
Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов аввалига воқеликка ойдинлик киритди:
"2019 йил 24 сентябрь куни соат тахминан 21:00 ларда Бойсун тумани “Газа” маҳалласида яшаган фуқаро Акобир Х. яшаш уйи молхонаси устунига ўзини осиб, жонига қасд қилгани оқибатида ҳодиса жойида вафот этган..."
Воқеларнинг кейинги ривожи қуйидагича давом этади: "...Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.
Аниқланишича, фуқаро Мамашариф Э. коллеж маъмуриятига мурожаат қилиб, 23 сентябрь куни дарсдан қайтаётган қизига тош отган ўқувчи Акобир Х.га қонуний чора кўришини талаб қилган. Унинг талабидан келиб чиқиб, коллеж директори Акобир Х.нинг отаси ва “Газа” маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари билан боғланиб, воқеликни муҳокама қилиш учун уларни мазкур ўқув даргоҳига келишини сўрайди.
Шу тариқа коллеж биносида маҳалла котиби, ҳудуд профилактика инспектори, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси, Акобир Х.нинг акаси ва бобоси ҳамда тарафлар иштирокида ҳолат муҳокама этилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
Мамашариф Э. коллеж раҳбариятидан ташқари туман ИИБга ҳам ариза билан мурожаат этиб, Акобир Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. Ариза юзасидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, Акобир Х.нинг ҳаракатларида МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланади. Бироқ тўпланган ҳужжатлар судга етиб бормайди. Чунки, бу муддат оралиғида, юқорида айтиланидек, Акобир Х. ўз жонига қасд қилиб бўлган эди...
Ҳозирда марҳумнинг қариндошлари коллежда бўлиб ўтган муҳокама давомида директор ва бошқалар Акобир Х.ни уриб, тан жароҳати етказгани, ҳақорат қилиб, камситгани унинг ўлимига сабаб бўлган, деб ҳисоблашмоқда.
Бойсун туман прокуратураси томониндан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, марҳумнинг вафотига бирор-бир шахс сабабчи бўлмагани боис 24 октябрда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, айни жараёнда ҳудуд профилактика инспекторига нисбатан хизмат текшируви ҳам тайинланган.
Воқелик бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тегишли процессуал ҳаракатларни амалга ошириб, натижасига кўра қарор қабул қилинган.
«Қўшимча сифатида шуни айтиш керакки, инсон вафоти билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат фавқулодда воқелик сифатида қабул қилинади ва жиддий ўрганилади. Бу жараёнда "сукут сақламоқда" қабилидаги гапларга мутлақо ўрин йўқ», дейилади хабарда.
Жиноят кодексида шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишга сабабчи бўлганлик учун жазо чораси белгиланган (103-модда). Бунинг учун айбдор "шахсни қўрқитгани, унга раҳмсиз муомала бўлиб ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб" келгани инкор этиб бўлмас далиллар билан исботланиши керак. Баён этилган ҳолатда эса марҳумга нисбатан коллеж маъмурияти, профилактика инспектори ва бошқалар томонидан раҳмсиз, қўпол ва аёвсиз муносабатда бўлиб, унга жисмоний ва руҳий азоб етказиш ҳолатлари аниқланмаган.
Тасодифий хабарлар
НАТО Украинага 500 млн евролик янги ёрдам пакетини юборади
Тадбиркорларга бир неча ваколатлар бериладиган бўлди
Осмонда учган номаълум жисмлар бўйича расмий маълумот берилди
Наманганда валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди
Президент Администрацияси 12 йиллик пахта бойкоти олинганига муносабат билдирди