Ашраф Ғани давлат ғазнасидан 169 млн доллар ўғирлагани айтилмоқда. Унинг ўзи буни рад этди

Ашраф Ғани давлат ғазнасидан 169 млн доллар ўғирлагани айтилмоқда. Унинг ўзи буни рад этди

Афғонистондан қочиб кетган президент Ашраф Ғани давлат ғазнасидан 169 миллион доллар ўғирлаган. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Элчи президент Ғанининг қочишини «давлат ва миллатга хиёнат» деб атади ҳамда унинг «давлат ғазнасидан 169 миллион доллар ўғирлаганини» маълум қилди.

Шу билан бирга, элчи Афғонистон бош вазири ўринбосари Амрулла Солиҳни давлат раҳбари сифатида тан олишини айтди.

«Мамлакат конституциясига мувофиқ, президент истеъфога чиқса, қочиб кетса ёки вафот этса биринчи ўринбосар президентнинг вазифаларини бажаради, шунинг учун Амрулла Солиҳ ҳозир давлат раҳбаридир», — деди элчи.

Агбар, шунингдек, Ашраф Ғанини халқаро судга олиб боришлари учун уни ҳибсга олиш ҳақидаги сўров билан Интерполга мурожаат қилишини айтди

«РИА Новости» хабарига кўра, Интерполнинг Тожикистондаги Миллий марказий бюроси директори Шаҳриёр Назриевга Ғанини ҳибсга олиш ҳақида бундай мурожаат келиб тушмаган. «Аввало улар (Афғонистон) Интерпол бош котибига қидирув ҳақида ариза билан мурожаат қилиши керак, шундан сўнг биз буни кўриб чиқамиз», — деди у.

15 август куни «Толибон» бутун Афғонистон унинг назорати остига ўтганини маълум қилгач, мамлакат президенти Ашраф Ғани мамлакатдан учиб кетгани хабар берилди. Ашраф Ғани билан бирга Кобулдан рафиқаси Рула Ғани, яна икки киши, жумладан, маслаҳатчиси билан бирга чиқиб кетган. Бир неча кундан бери Ғанининг қаерда эканлиги ҳақида расмий маълумот берилмаётган эди.

Ғанининг ўзи Facebook’даги саҳифасида давлат раҳбарлигидан мамлакатдаги қонли тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида истеъфога чиққани ҳақида ёзган. Кейинчалик Ашраф Ғанининг Кобулдан қочаётган вақтида вертолётга сиғмайдиган даражада кўп пулларни олиб чиқиб кетишга урингани тўғрисида маълумотлар тарқалган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўзининг Facebook орқали йўллаган видеомурожаатида айтишича, у хавфсизлик хизмати томонидан мамлакатни тарк этишга мажбур қилинган. Ғани катта миқдордаги пулни олиб чиқиб кетганини рад этди.

«Мени ўзим билан пул олиб кетганликда айблашмоқда. Лекин бу ҳаммаси ёлғон, мен устимдаги кўйлак, салла ва пойабзал билан мамлакатни тарк этдим, битта сумкада бир нечта китоб олиб кетолдим, холос», — дейди Ғани.

Президент Бирлашган Араб Амирликларида эканини тасдиқлади. У Афғонистонга қайтиш бўйича маслаҳатлашув ўтказмоқда.

«Мамлакатни тарк этишдан олдин, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш учун шарт-шароит яратиш ва Кобул хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар олиб борадиган делегация топиш мақсадида «Толибон» билан иш олиб бордим», — деди Ғани.

У шунингдек, Афғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришига умид қилаётганини таъкидлаб ўтди.

×