Тонировка нархини камайтириш юзасидан қарор ишлаб чиқилмоқда — депутат

Тонировка нархини камайтириш юзасидан қарор ишлаб чиқилмоқда — депутат

Ўзбекистонда автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш учун тўланадиган сумма камайтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Депутатнинг маълум қилинишича, тонировка нархини камайтириш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

“Ёз келиб, кунлар исиши билан тонировка масаласи кун тартибига чиқади. Жойларда фуқаролар, ёшлар билан учрашувларда, ижтимоий тармоқларда айнан тонировка бўйича жуда кўплаб мурожаатлар бўлади.

Шу мурожаатлардан келиб чиқиб,  ҳамкасбим Баҳром Раҳмоналиев билан тонировка нархини пасайтириш юзасидан 2-3 хил таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритишдан аввал Ички ишлар вазирлигига таклифларимизга муносабат билдиришларини сўраб, депутатлик сўрови юборгандик.

Бугун Ички ишлар вазирлигидан сўровимизга жавоб келибди. Ёмон томони, ҳар доимгидек сўровга аниқ жавоб йўқ, таклифларимизга ҳеч қандай муносабат билдирилмаган”, дейди Ғаниев.

Депутат жавоб хатида яхши янгилик ҳам борлигини таъкидлаган. Жавобда айтилишича, тонировка нархини камайтириш юзасидан Президент Админстрацияси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бу лойиҳага Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли таклифлар билдирилган.

“Демак, яқин орада тонировка масаласи бўйича ижобий ўзгариш бўладиганга ўхшайди. Автомобиль ойналарини қорайтиришга доир чекловлар буткул бекор қилинишини кутмасамда, лекин тонировка учун белгиланган нархлар сезиларли миқдорда пасаяди, деб умид қиламан”, деган Дониёр Ғаниев.

Маълумот учун, ҳозирда "тонировка" нархлари қуйидагича:

Орқа ён ойна (орқа эшик) учун (1 йилга):

жисмоний шахсларга - 10 баробар (2 млн 230 минг сўм);
юридик шахсларга - 10 баробар (2 млн 230 минг сўм);
хорижий ташкилотларга - 20 баробар (4 млн 460 минг сўм).

Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар) (1 йилга):

жисмоний шахсларга - 50 баробар (11 млн 150 минг сўм);
юридик шахсларга - 50 баробар (11 млн 150 минг сўм);
хорижий ташкилотларга - 80 баробар (17 млн 840 минг сўм).

Туристик автобуслар ҳам 50 баробар (11 млн 150 минг сўм) миқдорида.

×