Сўнгги кунларда тадбиркор Мурод Назаровнинг Тошкент шаҳрида қурилиш қилаётганларга дарахт кесишга қўйилган чекловни бекор қилишни таклиф қилгани кўплаб муҳокамалар ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Экопартия депутатлари “қайта экиш” номи билан экилган кўчатлар қуриб қолганини билдириб, дарахт кесиш мораторийини бекор қилишга қарши чиққанди.
Бироқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров бу борада бошқача фикрда. У “дарахт кесилмасин, дегани, мутлақо кесилмасин эмас, зарур бўлса кесилиши мумкин, дегани бўлиши керак”, деб ҳисоблайди.
“Ишхона олдидаги қурт еб битирган дарахтни олдириб ташлаш учун 1 йил қоғоз қилдик, ҳамма бир-бирига солади! Кесишга келганларни кўриб йиғлашни ҳам кулишни ҳам билмайсан, дарахт кесиш эмас, одамни дорга осишга келишгандек…
Албатта, дарахт керак, ҳаво етмаяпти, лекин унутмайлик, дарахтни инсон учун асраймиз, инсонни дарахт учун эмас!
Бу кетишда келажак авлод динини унутиб, дарахтга эътиқод қилишни бошлаб юбормаса…
Дарахтни ҳимоясига бирлашгандек сув, ер, энергоресурслар, озиқ-овқат ва вақт, қолаверса ўзлигимизни исрофига қарши ҳам бирлаша олсак эди!” дейди Алишер Қодиров.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил 31 декабрдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган. Фармон билан Жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилган. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланган.
Тасодифий хабарлар
Андижон шаҳри ҳокими ишдан кетди. Шаҳарга вақтинчалик ҳоким тайинланди
Ўзбекистон ва Гана ўртасидаги баҳс Наманганда ўтказилади
Ўзгидромет жорий ҳафтада қандай об-ҳаво кутилаётганини эълон қилди
Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди
Сенаторлар 2022 йил учун Давлат бюджетини маъқуллади