Ҳозирги вақтда кунига 30 мингтадан 50 мингтагача қарздор истеъмолчилар электр энергиясидан ўчирилмоқда. Бу ҳақда 24- ноябрь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишларига бағишланган тадбирда «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг таъкидлашича, АСКУЭ лойиҳасининг аҳамиятини тўғри тушуниб, қарзини тўлаётган фуқаролар кўпчиликни ташкил этмоқда.
«АСКУЭни Ўзбекистонда йўлга қўйиш нима учун зарур?», деган турли саволлар кўпчиликда туғилиши табиий. Мазкур тизимнинг амалга оширилиш жараёни шахсан Президент ва ҳукумат раҳбарининг назоратида турибди. Ўтган давр мобайнида электр энергиясидан қарздорлик йилдан йилга ўсиб келган. Қарздорликларни ўз вақтида ундириш учун йиғилишлар ўтказиларди, ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳудудларга юбориларди. Лекин бу маълум даражада ўзининг самарасини бермади. Охир-оқибат автоматлаштирилган тизимга ўтишга қарор қилинди.
Ҳозирда ҳар куни 30 мингтадан 50 мингтагача қарздор истеъмолчиларни ўчиряпмиз. Бу албатта, одамларнинг эътирозига сабаб бўляпти, тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда. Лекин биз ҳудудларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашганимизда, аксарият аҳоли бу тизимни тўғри тушуниб, қарзларини тўлаётганига амин бўляпмиз. Юқорида айтганимдек, улар орасида эътироз билдираётганлар ҳам йўқ эмас», — деди Обиджонов, дея унинг сўзларини келтирмоқда «Дарё» мухбири.
Жаҳонгир Обиджоновнинг айтишича, карантин пайтида «Ҳудудий электр тармоқлари» ўзининг мижозларини ўчирмаган, қарздорларга ҳам электр энергияси бериб турган.
«Апрель сентябрь ойларида умуман ўчириш ишлари амалга оширилмади. Чунки карантин вақтида кўпчилик уйда бўлди, тадбиркорлар фаолият юритмади. Бироқ сентябрдан бошлаб тизимни жадаллик билан жорий қилишга киришилгандан кейин уланган ҳисоблагичларни ўчиришни бошладик. Сабаби биз етказиб берилган электр энергия маблағини электр энергия ишлаб чиқарувчиларга тўлаб беришимиз керак. Агар бундай қилмасак, улар ўз харажатларини бажаролмайди. Энергетика соҳасида қарийб 55 минг нафар одам ишлайди. Ходимларга ойлик бериш керак, улар солиғини тўлаши ва инвестициясини қилиши, таъмирлаш ишларини амалга ошириши лозим. Буларнинг ҳаммасига маблағ талаб этилади. Аҳолидан сарфланган электр энергияси тўловини вақтида ундириб, етказиб беролмасак, юқоридаги ишларни қилиш жуда оғир.
Истеъмолчилар АСКУЭ тизимига аста-секин ўргансин, деган мақсадда ҳозир ҳам ўчириш ишларини жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширяпмиз. Лекин қарздорларни ўчириш сонлари кундан-кунга кўпайиб боряпти. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар ўзи фойдаланган электр энергия маблағини вақтида тўлаши зарур. Бу тизим шундайки, истеъмолчи қарздор бўлса, автоматик равишда ўчирилади ва бу жараёнда инсон омили қатнашмайди», — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» расмийси.
Тасодифий хабарлар
«Президент совғаси»да планшет ҳам бўлади
ЖССТ Ҳиндистоннинг яна бир дорисидан огоҳлантирди
АҚШда автомобиль оломон устига бостириб кирди. Қурбонлар бор (видео)
Биз Россияга кимлигимизни кўрсатиб қўямиз – Франция Мудофаа вазири
Байрутдаги портлаш келтирган зарар ҳисобланди. Уч юз мингдан кўп одам уйсиз қолган