Ўзбекистон электр энергетика комплексига 457 миллион доллар йўналтирилади

Ўзбекистон электр энергетика комплексига 457 миллион доллар йўналтирилади

Ҳукуматнинг «Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар қилмоқда Норма.

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўртасида кредитни жалб қилиш бўйича меморандум имзоланган. 2020 йил 28 сентябрда ОТБ директорлар кенгаши томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 15 йил муддатга қарз ажратилиши маъқулланган.

«Ўзбекистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 457,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослануви Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан маъқулланган.

Лойиҳа қуйидаги маблағлар ҳисобига амалга оширилади:

  • 91,3 миллион АҚШ доллари – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ;
  • 250 миллион АҚШ доллари – Молия вазирлиги кредити;
  • 20,5 миллион АҚШ доллари – ОТБ кредити;
  • 62,6 миллион АҚШ доллари – «Ўзсаноатқурилишбанк» кредити;
  • 33,3 миллион АҚШ доллари – Ривожланиш жамғармаси.

Энергетика вазирлиги инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишида ОТБ қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан ижро этувчи орган ҳисобланади. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, кредитнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши юзасидан масъул ҳисобланади.

ОТБ томонидан ажратилган ва Ўзбекистон бюджети харажатларини молиялаштириш учун мўлжалланган кредит 6 ойлик либор + 0,5 фоиз ставка билан 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Кредитни сўндириш, улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қабул қилинган ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • «Ўзбекистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» инвестиция лойиҳаси ТИА асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
  • Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилаётган ОТБ қарзини сўндириш, фоиз ва воситачилик тўловларини тўлашнинг прогноз жадвали.

Ҳужжат 2020 йил 31 октябрда кучга кирди.

×