22 та депутат Бобожоновга “Босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳа юзасидан мурожаат йўллади

22 та депутат Бобожоновга “Босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳа юзасидан мурожаат йўллади

Яқинда ИИВ Ахборот хизмати томонидан халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида турадиган ички ишлар ходимлари жанжали акс этган видеолавҳа тарқатилди. Жамоатчилик томонидан кучли танқидга учраган видео ИИВ ходимлари манфаати йўлида тайёрлангани айтилмоқда.

Кеча, 21 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир неча нафар депутати Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат йўллади. Мурожаатда ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши, лавҳа нохолис тайёрланган бўлса, айбдорларга интизомий жазо чораси кўрилиши, бу ҳақда жамоатчиликка хабар қилиниши ва бошқалар сўралган.

Унга кўра, “Босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳа кенг жамоатчилик орасида жиддий муҳокамаларни келтириб чиқарди. Яъни, жамоатчилик томонидан “депутат” сўзининг сарлавҳага олиб чиқилиши ва матн давомида камида 10 мартадан кўп ишлатилиши, шунингдек, Олий Мажлис депутатининг яқиндагина эълон қилинган муносабатига ноўрин изоҳ берилганлиги ва қоидабузарнинг сўзларини контекстдан “қирқиб олиб” ноўрин монтаж қилингани асосий важлар сифатида келтирилмоқда.

Воқеага кўра, 2020 йил 15 апрель куни Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг депутати Толиб Муҳаммадиев билан йўл-патруль хизмати ходимлари ўртасидаги тортишув жараёнлари акс этган. Ролик сўнггида эса Наманган шаҳар прокуратураси томонидан шу йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида сўз боради.

Видеотасвирдаги ҳолатдан тушуниш мумкинки, тарафлар ушбу вазиятга қизиққонлик билан ёндошмай, бир-бирларини тўғри тушунганида мавзу бўйича турли хил баҳсли муҳокамалар келиб чиқмаган бўлиши мумкин эди.

Бироқ воқеанинг кейинги ривожи масалани янада чигаллаштириб юборди. Яъни, Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг 19 апрель кунги навбатдан ташқари сессиясида Кенгашнинг 16 апрелдаги қарори бекор қилиниб, шаҳар прокурорининг Толиб Муҳамадалиевга оид тақдимномаси рад этилган.

“Хуллас, ушбу масала 16-20 апрель кунлари оралиғида шаҳар кенгаши томонидан икки маротаба жиддий муҳокама қилинди, Республика даражасидаги ОАВда 8 та турли позициядаги материал эълон қилинди. Қолаверса, видеолавҳа интернет ва ижтимоий тармоқларда қирқдан ортиқ постлар орқали ўринли-ўринсиз мунозараларга ҳам сабаб бўляпти.

Биз, бир гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажарган ички ишлар ходимларига нисбатан нотўғри тушунча ва айбловларнинг олдини олиш ҳамда қоидабузар шахслар хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиши кафолатлангани ҳақидаги жамоатчилик фикрини шакллантириш тарафдоримиз”, дейилади мурожаатда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу мавзуга чек қўйиш мақсадида, Ички ишлар вазиридан қуйидаги чора-тадбирлар белгиланишида амалий ёрдам бериши сўралган:

1. ИИВ Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеолавҳада фойдаланилган, жумладан, воқеа иштирокчиси бўлган ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши;

2. Агар лавҳани тайёрлаш ва эълон қилишда нохолислик ёки бир тарафлама ёндашувга йўл қўйилган бўлса, Ахборот хизмати масъулларининг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш ва бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилиниши;

3. Воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига  Ички ишлар вазирлиги томонидан ахборот берилиши.

Мурожаат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, жумладан, Расул Кушербоев, Гулбаҳор Сайидғаниева, Умид Жабборов, Мағфират Хушвақтова, Мухтор Ходжиматов, Шербек Буранов, Мухтор Ибрагимов, Нодир Жумаев, Мавлуда Ибрагимова, Одилбек Тожиев, Шохиста Турғунова, Баҳром Рахмоналиев, Нодиржон Абдувалиев, Бекмирза Эшмурзаев, Ғайрат Абдиев, Равшанбек Бегматов, Моҳира Ходжаева, Мадина Баратова, Абдулла Рўзметов, Умидахон Зокирова, Носиржон Аминовларнинг таклифларини умумлаштирилган ҳолда, Дониёр Ғаниев номидан юборилаётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ сайти видеолавҳа юзасидан таҳлилий мақола тайёрлаб, ИИВ Ахборот хизматига бир қанча саволлар йўллаганди. Бироқ ҳозиргача жавоб қайтарилмади. Кейинроқ ҳолат юзасидан иккинчи тараф, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиевнинг важлари акс этган мақола ҳам эълон қилгандик.

Зафарбек Солижонов

×