Ўзбекистонда муҳтожларга ёрдам кўрсатувчи Telegram-бот ишга туширилди

Ўзбекистонда муҳтожларга ёрдам кўрсатувчи Telegram-бот ишга туширилди

«Troll.uz» лойиҳаси раҳбари Умид Ғофуров ташаббуси билан Telegram’да муҳтожларга ёрдам беришга мўлжалланган «Яқинлар» боти ишга туширилди. Бот ғояси муаллифининг сўзларига кўра, бот муҳтожлар ва ёрдам бериш ниятида бўлган инсонлар учун сервис майдонча вазифасини ўтайди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

«Барчамиз биламизки, кўпчилик ишсиз қолди ва уларда оддий озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга ҳам маблағ йўқ. Шу сабабли ‘Яқинлар’ ботини ишга туширдик. У яқин атрофингизда ёрдамга муҳтож инсонларни кўрсатади. Агарда сиз кимгадир ёрдам бермоқчи бўлсангиз ёки аксинча, ёрдамга муҳтож бўлсангиз қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишингиз мумкин», — дейди Умид Ғофуров.

19 июль соат 15:30 ҳолатига кўра, ботдан 10 мингга яқин одам фойдаланган. Ёрдамга муҳтож сифатида рўйхатдан ўтганлар сони 3097 кишини ташкил этмоқда ва уларнинг 2533 нафарига ёрдам кўрсатилган. Яна 70 дан ортиқ одам ёрдам кутмоқда, 493 та ариза маъқулланмаган (аризалар қайталанган, айримлар эса шунчаки ботнинг ишлашини текшириб кўрмоқчи бўлган).

Умид Ғофуровнинг таъкидлашича, бот бирор бир хайрия ташкилоти номидан ишга туширилмаган ва давлат томонидан қўллаб-қувватланмайди, жараёнда фақатгина оддий инсонлар иштирок этади. Ёрдам етиб бориши кафолатланмаган. «Барчаси фойдаланувчиларга боғлиқ», — дейди ғоя муаллифи.

Ёрдамга муҳож инсонлар айнан нима кераклигини ёзиб қолдиришлари мумкин: қанақа озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дори воситалари. «Фойдаланувчилардан пул сўраш ёки пластик карталарга пул ўтказишни тавсия қилмаймиз, бироқ бошқа томондан олиб қараганда — бу ёрдам беришнинг энг хавфсиз йўли. Шу сабабли ўзингиз ҳал қилинг», — дейди у.

Умид Ғофуровнинг сўзларига кўра, ботни яратишга пул сарфланмаган, бироқ аризаларни кўриб чиқаётган модераторларга ойлик тўланади.

«Яқинлар» ғояси муаллифининг тан олишича, модераторлар ариза берувчи ростдан ҳам ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигини текшира олмайди, шу сабабли ёрдам кўрсатиш ниятига бўлганлар ўзлари қўнғироқ қилиб ва шунга қараб қарор қабул қилишлари керак.

Аввалроқ Ўзбекистонда карантин шароитида даромад манбасини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат етказиб берилиши ҳақида маълум қилинганди.

×