Шу йилнинг 31 май куни Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилган эди. Ўшанда туман ҳудуди қатъий карантинга олиниб, ёпилганди.
Орадан бир кун ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан расмий баёнот берганди.
Китоблик қурбон тарихи
Унга кўра, гумонланувчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О. Китоб туманида яшаган. У 2020 йил 10 апрель куни Қозоғистон Республикасига кетган (буни карантин даврида қандай уддалагани номаълум!). Жорий йил 9 май куни юртимизга қайтиб келган ва Тошкент вилоятидаги Карантин марказига тиббий кузатувга олинган. Бир кун ўтиб, 10 май куни эса Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.
Ўтказилган диагностик тахлиллардан сўнг беморда коронавирус аниқланмаган(!). Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.
Шу йилнинг 29 май куни Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган таҳлил унда гумон натижани (!) қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмаган(!).
«Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик таҳлил ҳам Н.О. коронавирусга чалинмаганлигини (!) кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади» — дейилганди ССВ баёнотида.
Қашқадарёда коронавирус ўчоғи пайдо бўлди
Кеча, 16 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 165 нафарга ошди! Саноқли соатларда бунча касаллик қаердан чиқди?
ССВ хабарида айтилдики, шулардан 104 нафари Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланган. Бугун маълум бўлишича, ушбу ҳолатларнинг бир қисми Китобга тўғри келади.
«Коронавирус аниқланмаган» қурбон касаллик тарқатган бўлиб чиқди
Бугун, 17 июнь куни Китоб туманида коронавирусга чалинганлик ҳолати бўйича бугунги вазият ҳақида расмий маълумот берилди.
Унга кўра:
- Китоб туманидан жами 73 нафар киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган;
- Шулардан 5 нафар кишида аввалроқ касаллик аниқланиб, тасдиқланган;
- Карантинга олинганлар ичидан бугунги ҳолатда яна 20 нафар кишида касаллик аниқланиб, тасдиқланди;
- Ҳозирги пайтда жами касалланганлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда;
- Шулардан 17 нафари тиббиёт ходимлари, қолган 9 нафар фуқаро, Тошкентдан оғир аҳволда Китобга, яъни уйига қайтиб келиб, тез ёрдам машинаси орқали туман шошилинч равишда тиббиёт бирлашмасига келтирилган,барча тиббий ёрдам чоралари кўрилишига қарамай, касалликнинг оғир аломатлари туфайли вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган (!) яқинларидир;
- Касаллик аниқланган жами 25 нафар беморларнинг ҳозирда аҳволи яхши;
Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган кишилардан ташқари, туманда касаллик юқтирганлик ҳолати қайд этилгани йўқ, дейилади хабарда.
Касаллик яширилганмиди ёки...
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус аниқланмади деб топилган қурбон қандай қилиб у билан мулоқотда бўлган 17 нафари тиббиёт ходими ва 9 нафар яқинига касаллик юқтирди? Ўшанда шифохонама-шифохона кўчирилиб, охири вафот этган беморнинг ҳақиқий касаллигини вазирлик яширган эдими ёки Ўзбекистонда фойдаланилаётган тестлар тўғри ташхис (икки марталаб ўтказилгани айтилганди) қўйиб беролмайдими?
Бу ҳодисанинг яхши ва ёмон сабоғи бор. Ўшанда тўғри йўл тутилгани — қурбон билан мулоқотда бўлганларнинг карантинга олингани бўлган. Ёмон жиҳати эса, бундай ноаниқлик сабаб ўнлаб инсонларга касаллик юққанидир. Янаям хавотирлиси, бу мавҳум ҳолат ягонамиди? Ёки коронавирус аниқланмади дея жавоб бериб юборилганлар, бошқа касалликдан вафот этди дея уйига қайтарилган марҳумлар яна бўлганми?
Куни кеча президент ўтказган йиғилишда маълум қилинди, сўнгги икки ҳафтада юқиш манбаи номаълум бўлиб қолаётганлар сони Тошкент шаҳрида 57тани, Навоий вилоятида 25, Тошкент вилоятида 22 ва Қашқадарё вилоятида 3тани ташкил этган. Тасаввур қиляпсизми, аҳоли орасидаги 100дан ошиқ кишининг касалликни қаердан юқтиргани маълум эмас! Касаллик аломати ҳали сезилмасдан (14 кунгача сезилмаслиги мумкин) аҳоли орасида юрган яна қанчалаб инсонлар борлигини энди чамалаб кўраверинг. Айрим ишхоналарга ишга қабул қилиш учун мажбурий тестдан ўказилган фуқаролар орасидан ҳам кутилмаганда касаллик чиқиб қолаётгани сабаби шунда.
Энди вазиятни яшириш аҳволни янада оғирлаштиради
Шу кунларда касаллик тарқалиши карантин кучайтирилган дастлабки даврга нисбатан анча ошди. Бугун кўчалар, бозорлар, ошхоналар одамлар билан гавжум. Ишхоналар очиқ, жамоат транспортлари қатнови йўлга қўйилган, карантин чекловлари юмшатилиб борилмоқда. Ўз-ўзини изоляция қилиш ҳолати йўқ. Одамлар анча хотиржамликка берилган. Биз энди пандемия шароитига кўникиб, ишимизни давом эттиришга мажбурмиз. Бундай ҳолатда аниқ ва очиқ маълумотга ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж туғилади.
Тошкентда 7 июнь куни коронавирус юқтирган 195 беморнинг 183 нафари — битта муассасада ишлаётган қурувчилар бўлгани ҳақида айтилганди. Лекин ушбу компания номи ошкор қилинмади ва бу ўша компаниянинг обрўйига зарар етказиш мумкинлиги билан изоҳланди.
Айтишларича, ўша қурилиш компанияси фаолиятини қурилиш объектларида ҳам, сотув офисларида ҳам давом эттираяпти. Лекин аҳоли коронавирус ўчоғига айланган бу объект ҳақида хабардор эмас.
Қайсидир идорадан битта касаллик аниқлангани аниқ айтилсаю, юзлаб одам вирус юқтирган жой айтилмаса, ғалатироқ эмасми?
Қаерда вирус ўчоғи пайдо бўлди, қайси ҳудудда, қайси офисда касаллик тарқалди, ҳаммасидан хабардор бўлишимиз, шунга қараб эҳтиётимизни қилишимиз керак бўлади.
Катта эҳтимолки, мамлакатимизда пандемиянинг иккинчи тўлқини энди бошланади. Аввал бошида аҳоли орасида манбаси номаълум саноқли касаллик аниқланган бўлса, энди ўнлаб, юзлаб қайд этилмоқда. Хотиржамликка берилманг. Ўзингизни, яқинларингизни эҳтиёт қилинг!
Тасодифий хабарлар
Ичиб олиб омма олдида жанжал қилган ИИБ ходими ишдан бўшатилди
Президент кутилмаганда «тайёрланмаган» маҳаллага борди
Телеминоранинг байроғи ёнган видео бўйича расмий маълумот берилди
Мактаблар 2 сентябрдан очилиши ростми?
Байрам муборак, устозлар!