Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирусга чалинглар сони 60 нафарга етгани, Наманганда ҳам ушбу касаллик чалинган бемор аниқлангани ҳақида хабар берган эдик. Шу муносабат билан 26 мартдан эътиборан Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш ёпилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан имзолаган фармойишда айтилган.
Вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 25 мартдаги тегишли фармойиши билан, 2020 йил 26 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Наманган шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Наманган шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилди.
Наманган шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Наманган шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Наманган шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Наманган шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабар қилишича, фармойишга асосан, карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича вилоят штаби тузилган.
• Вилоят Штабига тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар билан бирга Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва назоратни янада кучайтириш;
• шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойларини мутахассислар билан таъминлаш ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш; • Наманган шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарини мажбурий дезинфекция қилинишини таъминлаш;
• шаҳар ҳудудига кириш ва чиқишга қўйилган чекловларга ҳамда аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга ўз вақтида қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини таъминлаш;
• табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, икки ой давомида ўчирилмаслигини таъминлаш вазифалари юклатилган.
Қайд этилишича, Наманган шаҳридаги “Чорсу” ва “Яшил” деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда қарийб 30 минг киши карантинга олинган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor Qalampir.uz
Тасодифий хабарлар
Санкция хавфи остида қолган Қирғизистон ҳаракатга тушиб қолди
Журналист дўппосланди ва пичоқланди
Ўзбекистонда қарз муддатини бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда
Яна бир раҳбар пора билан қўлга тушди
Соғайганлар 32 мингдан, касалланганлар 36 мингдан ошди