Умра зиёратини ноқонуний уюштирмоқчи бўлган уч киши ушланди

Умра зиёратини ноқонуний уюштирмоқчи бўлган уч киши ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган тадбирлар чоғида Умра зиёратини қонунга хилоф равишда уюштирмоқчи бўлган уч кишини аниқлади. Улар Навоий вилояти, Наманган ва Қўқон шаҳрида ушланди. Учала ҳолатда ҳам фуқаролардан АҚШ доллари олинган ёки олинаётган пайтда қўлга тушилган.

Идора маълумотига кўра, фуқаролар Умра ибодатини адо этиши учун бугун кенг имкониятлар яратилган. Шунга қарамай, айрим шахслар одамларни белгиланган тартибга зид тарзда зиёратга юбормоқчи бўлмоқда. Зиёратга боришни орзу қилганлар пул йиғиб, турли ваъда ва баҳоналар билан овора бўлиб юрибди.

Навоий ва Наманганда ушланганлар

Навоийнинг Қизилтепа туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган эркак ўзини турфирмалардаги яқин танишлари орқали 2 нафар фуқарони Умрага юбора олишини айтган. Бунинг эвазига у алдов йўли билан 2500 АҚШ доллари олган. Эркак ашёвий далиллар билан ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилди.

Наманганда яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс эса ўзини турфирма вакили деб таништирган. У 3 нафар фуқарони Умрага юбориш учун жами 3150 доллар талаб қилган. Олдиндан 1100 долларни олаётган пайтда ушланди.

Аниқланишича, бу киши илгари бир неча марта фирибгарлик учун судланган. Ҳозир у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми бўйича пробация назорати остида жазо муддатини ўтамоқда эди. Унга нисбатан ҳам 168-модданинг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қўқонда турфирма раҳбари қўлга олинди

Қўқонда турфирма раҳбари Умра зиёратини уюштириш ҳуқуқига эга бўлмай туриб, 2 нафар фуқарони юбориш эвазига жами 2300 доллар олган. У пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилди. Уч ҳолат бўйича ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди. Шунга ўхшаш қонунбузарликка дуч келган одам 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериши мумкин. Хабар берганнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Теглар:
×