Эрон ҳукумати билан алоқалари бўлган покистонлик эркак АҚШ Президенти Дональд Трамп ва бошқа америкалик сиёсатчиларга суиқасд уюштириш режасидаги иштироки учун 27 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
У Трамп, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ва мамлакатнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Ҳейлини ўлдириш учун ёлланма қотиллар излаган. Бироқ у мурожаат қилган шахслар аслида АҚШ Федерал тергов бюросининг яширин агентлари бўлган.
Маълум қилинишича, Осиф Мерчант март ойида халқаро террорчилик ҳаракатини содир этишга уриниш ва пул эвазига одам ўлдириш учун ёллаш айбловлари бўйича айбдор деб топилган. Нью-Йоркдаги федерал судья Эрик Росс Комити унга кеча, 17 ноябрь куни 27 йил-у 6 ой қамоқ жазоси тайинлаган.
Судда Мерчант Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўрсатмаси билан ҳаракат қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, режа 2020 йилда АҚШ томонидан Эроннинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун қасос олиш мақсадида тузилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, Мерчант дастлаб диний зиёратлар учун Эронга борган ва у ерда Инқилоб қўриқчилари корпуси вакили билан таништирилган. У Эронга жами 15 марта сафар қилган ва бу вақт давомида Эрон разведкаси ходимларидан тайёргарлик олган. 2024 йил апрель ойида эса режани амалга ошириш учун АҚШга келган.
Мерчант яширин АҚШ Федерал тергов бюроси агентларига дастлабки тўлов сифатида 5 минг доллар берган. У 2024 йил июль ойида АҚШни тарк этишга ҳозирлик кўраётган пайтда Техас штатида қўлга олинган.
Судда у эронлик алоқачиси қариндошларининг кимлиги ва яшаш манзилини билишини айтиб, уни режани бажаришга мажбурлаганини таъкидлаган. Мерчантнинг айтишича, у ҳеч кимга зарар етказилишидан олдин қўлга олинишини кутган ва кейин АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган У бу орқали АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи яшил карта олишга умид қилган.
АҚШ Бош прокурори Тодд Бланш суд ҳукмига муносабат билдириб, Трампга суиқасд уюштиришни мувофиқлаштириш учун мамлакатга келган Эрон агенти қилган жинояти учун муносиб жазоланганини айтган. Унинг таъкидлашича, АҚШ Адлия вазирлиги мамлакат раҳбарларига қарши хорижий давлатлар томонидан уюштириладиган террорчилик режаларига йўл қўймайди ва бунга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишда давом этади.









