Халқаро S&P Global Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «барқарор» прогноз билан «BB+» даражасига кўтарди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий аҳволи халқаро инвесторлар назарида анча ишончли даражага чиқди.
Тарихдаги энг юқори кўрсаткич
Мирзиёева таъкидлашича, бу Ўзбекистон бугунгача эришган энг юқори рейтинг. Энди «инвестицион» поғонага, яъни BBB- даражасига бир қадам қолди. Шу чегарадан ўтган давлатлар инвесторлар учун анча ишончли ҳисобланади.
Суверен кредит рейтинги давлатнинг қарзларини ўз вақтида қайтариш қобилиятини кўрсатади. Хорижий сармоядорлар маблағ киритишдан олдин аввало шу баҳога қарайди. Рейтинг қанча юқори бўлса, давлатга ишонч ҳам шунча баланд бўлади.
«Бу ислоҳотлар самараси»
Саида Мирзиёева ютуқни тизимли иқтисодий ислоҳотлар ва мувозанатли молия сиёсати билан боғлади. Унинг фикрича, бунда Президентнинг узоқни кўзлаган стратегик ёндашуви ҳам муҳим рол ўйнади.
Администрация раҳбари яна бир жиҳатга эътибор қаратди. Ишчи гуруҳ ижобий натижаларни S&P вакилларига тезкор ва очиқ муҳокамалар орқали тақдим этган. Агентлик бу муloқотларни алоҳида эътироф этган.
«Юртимизга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш йўлидаги қатъий ҳаракатимизни давом эттирамиз», деб ёзди Мирзиёева.
Эндиги вазифа — рейтингни янада юқорилатиб, инвестицион поғонага чиқиш. Бунинг учун олиб борилаётган ислоҳотлар ва молия сиёсатини изчил давом эттириш керак бўлади.









