Дойче Веле хабарига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб 589 миллион бола қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларда яшаган. Бу 1990 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич. У 1990 йиллар ўртасидаги рақамдан икки баравардан ҳам кўп. Маълумотлар «Сейв зе Чилдрен» халқаро ташкилотининг «Болаларга қарши урушни тўхтатинг» ҳисоботида келтирилган.
Африка ва Яқин Шарқда вазият оғир
Африка ва Яқин Шарқдаги ҳар беш боладан иккитаси ўтган йили можаро ҳудудида яшаган. Дунёдаги шундай болаларнинг 44 фоизи Африкага тўғри келади. Қитъада можаролар таъсирида қолган болалар улуши 2010 йилдаги 12 фоиздан 2025 йилда 39 фоизга чиқди.
Яқин Шарқда ҳам аҳвол кескинлашди. 2024 йилда минтақадаги шундай болалар 52 миллион нафар эди. Ўтган йили бу рақам қарийб 29 фоизга ошиб, 67 миллионга етди.
Ҳуқуқбузарликлар сони ўсмоқда
БМТ 2025 йилда болаларга нисбатан 38 967 та оғир ҳуқуқбузарликни тасдиқлади. Мониторинг тизими ишга тушганидан бери бу иккинчи энг юқори натижа. Биринчи ўринда 2024 йил турибди, ўшанда 41 763 та ҳолат қайд этилганди.
Ўтган йили можаролар оқибатида 14 224 бола ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Болаларни ўғирлаш ҳолатлари 5 128 тага етиб, рекорд ўрнатди. Жинсий зўравонликнинг 1 787 та ҳолати қайд этилди, бу сўнгги ўн йилдаги кўрсаткичдан 71 фоиз кўп. Конгода бундай ҳолатлар 358 тадан 592 тага, Суданда 74 тадан 193 тага ошди. Умумий ҳолатларнинг қарийб 86 фоизи Африкага тўғри келди.
Болаларга гуманитар ёрдам етказишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам кўпайди. БМТ бундай 8 322 та ҳолатни тасдиқлади, бу 2015 йилдагидан 16 баравар кўп. Уларнинг 5 946 таси, яъни 70 фоиздан ортиғи Фаластин ҳудудларида қайд этилган.
Мактаблар ва шифохоналарга ҳужумлар кетма-кет бешинчи йил кўпайди. 2025 йилда улар 2 930 тани ташкил этди. Фаластин ҳудудларида 837 та, Украинада 643 та ҳужум бўлган. Бу икки ҳудуд жами ҳолатларнинг ярмидан кўпини берган.
«Сейв зе Чилдрен» болаларнинг урушдан азоб чекишини бугунги кунинг энг долзарб сиёсий муаммоларидан бири деб атади. Ташкилот халқаро ҳамжамиятни болалар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишга ва уларни уруш оқибатларидан ҳимоя қилишга чақирди.









