Европанинг 25 давлатида ёшлар таълим ва тинчлик учун кўчага чиқди

Европанинг 25 давлатида ёшлар таълим ва тинчлик учун кўчага чиқди

Европанинг камида 25 давлатида 20 ноябрь куни минглаб ёшлар норозилик намойишига чиқди. Reuters агентлиги хабарига кўра, акциялар “Келажагимиз учун курашамиз, уларнинг урушлари учун эмас” шиори остида ўтди. Иштирокчилар таълимни молиялаштиришни кўпайтириш, иқлим ўзгаришига қарши чора кўриш ва мажбурий ҳарбий хизматни бекор қилишни сўради.

Халқаро ёшлар иш ташлаши ҳаракати билан боғлиқ чиқишлар Буюк Британия, Германия, Испания, Италия ва Хорватияда бўлиб ўтди. Намойишчилар сони турли шаҳарларда бир неча юз кишидан бир неча минггача етди.

Германияда 73 та шаҳарда акция

Германияда “Gen Z regelt” (“Z авлод ўзгариш қилади”) ҳаракати мамлакатнинг 73 та шаҳар ва аҳоли пунктида намойиш ташкил этди. Берлиндаги Александрплац майдонига тахминан 4 минг киши йиғилди. Кёльндаги акцияда ҳам минглаб одамлар қатнашди, аммо полиция кутган 5 минг кишига етмади.

Намойишчиларнинг талаблари хилма-хил бўлди. Улар таълим муассасаларига кўпроқ маблағ ажратиш ва мактаблар инфратузилмасини яхшилашни сўради. Ҳарбий харажатларни қисқартириш ҳамда яшаш нархининг ошишига чек қўйиш ҳам талаблар қаторида бўлди. Айрим иштирокчилар Фаластин байроқларини кўтариб чиқди.

Италия ва Францияда вазият

Италияда намойишлар кенгроқ кўламда кечди. Мамлакат бўйлаб ўн минглаб одам кўчага чиқди. Улар Бош вазир Жоржа Мелони ҳукуматининг иқтисодий сиёсатига қарши эканини билдириб, иш ҳақини ошириш ва давлат хизматларига кўпроқ маблағ ажратишни талаб қилди.

Францияда аввалги намойишлар полиция билан тўқнашув ва талон-торож билан кечган эди. 20 ноябрдаги акциялар эса асосан тинч ўтди.

Бундан олдин ҳам Италияда минглаб ишчи, хизматчи ва талаба Мелони ҳукумати сиёсати ҳамда 2027 йилги бюджет лойиҳасига қарши норозилик билдирган эди.

Теглар:
×