Талабалар Гугл’нинг Гемини АИ Плюс сунъий интеллект хизматидан бир йил бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазирлиги хабар берди. Обунани олиш учун ХЕМИС иловасидан талабалик гувоҳномаси ва ўқиш жойидан маълумотномани юклаб олиш керак. Сўнг Гемини орқали махсус таклифга ариза юборилади.
Обунани қандай фаоллаштириш мумкин
Вазирлик маълум қилишича, аввал ХЕМИС мобил иловасига кириб, «Ҳужжатлар» бўлимидан талаба ID гувоҳномаси ва ўқиш жойидан маълумотномани олиш лозим. Кейин Гемини иловасида профиль менюси очилиб, Гугл АИ Плюс бўлимига ўтилади. У ерда талабалар учун мўлжалланган таклиф танланади ва «Кириш ҳуқуқини олиш» ҳамда «Давом этиш» тугмалари босилади.
Навбатдаги босқичда мамлакат ва таълим муассасаси кўрсатилади. Шундан кейин исм-фамилия, туғилган сана ва электрон почта манзили киритилади. Охирида ХЕМИС’дан олинган икки ҳужжат тизимга юкланади ва ариза юборилади.
Ариза тасдиқлангач, тўлов картаси маълумотларини киритиб, обунани фаоллаштириш мумкин.
Обуна нималарни беради
Гугл АИ Плюс бир қатор сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш имконини беради. Гемини иловасидаги фойдаланиш лимитлари икки баравар ошади. Шунингдек, илғор Флеш Тинкинг моделига кириш очилади.
Гугл Фото, Гугл Драйв ва Жимейл хизматлари учун 400 ГБ булутли хотира ҳам берилади. Бундан ташқари, кинематографик саҳналар ва ҳикоялар яратадиган Гугл Флоу воситаси ишлайди. Жимейл ичида Гемини’дан фойдаланиш мумкин бўлади.
Обунага тадқиқот ишларига ёрдам берадиган «Ноутбук» функциялари ҳамда сунъий интеллект асосидаги мусиқа студияси ҳам киради. Бу воситалар талабаларга ўқиш, иншо ва лойиҳа ишларини тезроқ бажаришда қўл келиши мумкин.









