Фарғонада 100 дан ортиқ боланинг заҳарланиши ортидан МЧЖ раҳбари қамалди

Фарғонада 100 дан ортиқ боланинг заҳарланиши ортидан МЧЖ раҳбари қамалди

Фарғона вилоятида 100 нафардан ортиқ боланинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши доирасида “Garden Catering Trade” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Т. ҳамда технологи Р.А. га мос равишда 4 йил ва 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятида 100 нафардан ортиқ боланинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг кассация инстанциясида кўриб чиқилган.

Кассация инстанциясининг ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг жорий йил 21 сентябрдаги “Garden Catering Trade” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Т. ҳамда технологи Р.А. га оид қисми бекор қилиниб, уларга нисбатан янги айблов ҳукми чиқарилган.

Жиноят кодексининг 59- ва 61-моддалари тартибида:

  • “Garden Catering Trade” МЧЖ раҳбарига 4 йил муддатга;
  • “Garden Catering Trade” технологига эса 3 йил 6 ой муддатга
  • озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўзи нима бўлган эди?

Заҳарланиш жорий йилнинг февраль ойида содир бўлган эди. Хусусан, 21 февраль куни Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги 58-, 2- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари “тана ҳарорати кўтарилиши, қоринда оғриқ, ич ўтиши” белгилари билан Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Умумий ҳисобда 105 киши заҳарланган. Ушбу боғчаларга тайёр овқатлар аутсорсинг тарзида Қувасойдаги “Garden catering trade” МЧЖ томонидан етказиб берилгани аниқланган.

Жорий йил 21 сентябрь куни мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукми билан судланувчиларнинг бири Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “д” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 228-моддаси 3-қисмида, яна бири 257-1-моддаси 1-қисмида, 2 нафари эса 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилган.

Ўшанда “Garden Catering Trade” МЧЖ раҳбари Ш.Т. га 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш ва МЧЖ технологи Р.А. га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, МЧЖ директори И.Б. ва ҳисобчиси А.С. 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. 


Теглар:
×