Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида Ички ишлар вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 126-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси юзасидан муносабат билдирди.
Кодекслар қонун сифатида қабул қилиниб, унинг халқ вакилларидан иборат парламент томонидан амалга оширилиши демократик ҳуқуқий жамиятнинг муҳим белгиларидан бири, дейиш мумкин. Яхшиямки шундай.
Ҳурматли ИИВ масъуллари! Биз кўп йиллар давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун аҳоли даромадига мос тушмайдиган жарималар қўллаш орқали ҳайдовчиларда жуда кўплаб эътирозлар пайдо бўлишига сабаб бўлдик. Қарс икки қўлдан деганидек, бунда депутатларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан кўз юма олмайман. Бироқ бундан манфаатдор идора ёки тоифа айнан депутатлар эмаслигини тўлиқ ишонч билан айта оламан. Ва бунда ҳамма ҳаракатлар, аввало, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун, деган мақсадга ишонганмиз.
Бироқ асосий масала бунда эмас, балки ИИВ томонидан сўнгги вақтларда авотомобилларнинг орқа эшигига парда ўрнатиш бўйича амалда мавжуд бўлмаган чекловни тан олмай зўрма-зўраки қилинаётган ҳаракатда. Бир қарашда бу катта масала эмасдир, бироқ тенглик, адолат ва ишонч нуқтаи назаридан бу менга муҳим.
Мазкур масалада фуқароларнинг орқа эшикка парда тақишларига ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги ҳатто бир нечта судларда исботини топган, шунингдек, биз депутатлар томонидан бир неча бор чиқишлар қилинган бўлса ҳам, ИИВ ЙҲХБ масъулларининг буни «хато, сизлар нима десанглар ҳам биз ҳақмиз», қабилида иш қилиниши юртдошларимиз олдида ҳурматнинг сусайишига сабаб бўлмоқда. Шунча билим, тажриба ва салоҳиятга эга мустақил судларга, халқ вакилларига бунчалик ишонмай, уларни инкор қилишнинг сабаби нимада, шунга ҳайронмиз.
Агар ИИВ ЙҲХБ масъуллари шунчалик ҳақ экан унда нима учун «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 126-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаб, ушбу моддадаги ҳайдовчилар автомобилларининг орқа эшикларига парда таққанлик учун жавобгар бўлишдан озод қиладиган айнан «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатиш» деган жумлани «теварак-атрофни кўришни чеклайдиган», дея яъни «ҳайдовчи ўрнидан» деган сўзни чиқариб ташлашни таклиф этмоқда. Бу орқали ҳайдовчиларнинг автомобилларнинг орқа эшигига парда тақиш ҳуқуқи тўлиқ чекланади.
Бундан англашиладики, ИИВнинг биз ҳақмиз, деган даъвоси аслида нотўғри бўлиб, энди сўзда собит туриш учун қайсарлик билан қонунни ўзгартиришмоқчи.
Бироқ ҳозир депутатларимиз анча фаол ва одамларнинг дардини ҳар қачонгидан кўра яқинроқ ҳис қилишади. Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси барча соҳалар қатори парламент аъзоларининг ҳам халқ билан қилаётган янада яқин мулоқотлари халқимизни қийнаётган масалаларни яқиндан ҳис қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Шу боис депутатларнинг қўлидан ўтадиган ушбу лойиҳа катта умид билан қабул қилинмай рад этилишига ишонаман. Шахсан мен тиш-тирноғим билан бунга қаршиман ва барча ҳамкасбларимни бунга чақираман.
ИИВ масъулларига эса халқимизга хос мардлик, олийжаноблик каби ҳислатларга мос равишда иш тутиб, асосий эътиборларини «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун талабларига сўзсиз риоя этиш ҳамда ўз тизимида «Меҳнат кодекси»даги иш вақти ва иш юкламасига оид талабларга тўлиқ амал қилишга эътиборларини қаратишларини сўраб қолган бўлардим.
Ҳеч биримизни ишимизга бўлган ҳафсала ва тоқат қилиш фазилати тарк этмасин!
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Тасодифий хабарлар
2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди
АҚШ Федерал тергов бюроси ўзбекистонликни айғоқчиликка мажбурлаган
Россияда миграция соҳасидаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучаймоқда
Ўзбекистонда яна 21 киши коронавирусдан тузалди, соғайганлар жами 261 нафарга етди
Қуйи Чирчиқда эр шаърий никоҳдаги аёлини ўлдириб, жасадини бўлаклаб кўмиб ташлади