Наманганда ажал оғусини пулловчи наркотармоқ аъзолари ушланди

Наманганда ажал оғусини пулловчи наркотармоқ аъзолари ушланди

Наманган ва Тошкент вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 11,7 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХ, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган кўп босқичли тезкор-қидирув тадбири доирасида қўшни давлатдан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.

Жумладан, Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомобил тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган 1978 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқарога тегишли селлофан пакетдан 944 грамм гашиш моддаси топилган.

Терговга қадар текширув давомида у мазкур гиёҳвандлик воситасини Наманган шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган наркосавдогардан 9 900 АҚШ долларига сотиб олгани аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам ушланган. Ундан 9 200 АҚШ доллари ҳамда 18,4 миллион сўм пул ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, тезкор тадбирнинг кейинги босқичида уларга ажал оғусини етказиб бериб турган андижонлик, 1987 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар шахс кетаётган Lacetti русумли автомобилдан 9 килограмм 801 грамм гашиш мусодара қилинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса муқаддам наркокурьерлар томонидан Бекобод шаҳрида “закладка” усулида яшириб кетилган 977 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олаётган пайтда 1985 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ушланган.

Билдирилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Теглар:
×