Марказий Осиёда умумий “Шенген” визаси ташкил этилиши мумкин

Марказий Осиёда умумий “Шенген” визаси ташкил этилиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари орасида умумий умумий амал қилувчи ягона туристик виза ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 31 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида маълум қилди.

Қирғизистон етакчисининг қайд этишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонлари Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган хорижликлар учун ягона туристик визани жорий этиш бўйича Қирғизистон ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, Садир Жапаров ўз нутқида мазкур ташаббусни минтақадаги барча мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирган. Борди-ю, бу ташаббус қўллаб-қувватланса ва ишга тушса, хорижий туристлар биргина виза билан (ҳудди, Европа “Шенген” визаси каби) бутун Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Маълумот учун, 30 июлдан 1 августга қадар давом этаётган норасмий маслаҳат учрашувида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Учрашувда савдо, энергетика, туризм, транспорт йўлаклари, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинмоқда.


Теглар:
×