Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат ҳудудидаги ерлар сотувга қўйилмаслигини, улардан асосий мақсад иқтисодиёт ва халқ фаровонлиги учун фойдаланиш эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 21 июль куни ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзди.
Давлат раҳбарига кўра, чегара масалалари ҳал этилганидан кейин Қирғизистон ҳудуди 15 минг 572 гектарга кўпайган ва ҳозир 20 млн 9 минг 572 гектарни ташкил этади. Мамлакат ҳудудининг асосий қисми – 94,4 фоизи тоғли ҳудудлардан иборат.
Жапаров инвестиция учун ажратилаётган ер майдонлари заводлар, ишлаб чиқариш корхоналари, логистика марказлари, энергетика ҳамда туризм объектларини барпо этиш учун мўлжалланганини билдирган.
“Бу лойиҳалар орқали юз миллионлаб, айрим ҳолларда миллиардлаб доллар инвестиция жалб қилиниши ва минглаб иш ўринлари яратилиши кутилган эди”, дейди Президент.
Бироқ у айрим ер ижарачилари 49 йиллик шартнома асосида олган майдонларида ҳеч қандай қурилиш ишларини бошламаганини таъкидлаган. Айрим ҳолларда эса ерлар бошқа шахсларга ўтказилган ёки белгиланган мақсаддан ташқари ишлатилган.
Президент бундай ҳолатларга чек қўйиш учун қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтган. Унга кўра, инвесторлар ўз мажбуриятларини бажармаса, шартномалар бекор қилиниб, ерлар давлат ихтиёрига қайтарилиши мумкин.
“Биз ерларимизни сотмаймиз. Аммо инвестицияларсиз мамлакат ривожини таъминлаш қийин”, дейди Жапаров.
У Қирғизистон ҳудудининг бир қаричи ҳам бошқа давлатга берилмаслигини таъкидлаб, ҳар бир ер майдони мамлакат манфаатига хизмат қилиши кераклигини билдирган.
“Қирғизистонга сунъий низолар эмас, янги заводлар, иш ўринлари, инвестициялар ва кучли иқтисодиёт керак”, дейди давлат раҳбари.
Тасодифий хабарлар
Мирзиёев Қозоғистон халқи ва Президентига таъзия йўллади
Месси Аргентина президентлиги учун номзодини қўйса, қанча овоз йиғиши мумкинлиги аниқ бўлди
«Чуқур таҳлил ўтказмоқда» — ССВ Самарқанддаги нохуш ҳодиса бўйича қўшимча ахборот берди
Намангандаги кўп қаватли уйлар чўкаётгани тўғрисидаги хабарларга расмий муносабат
Наманганда фуқаро 4 сотих ер участкасини 16.000 АҚШ долларига сотиб юборди