Покистон Афғонистонга очиқдан очиқ уруш бошлади

Покистон Афғонистонга очиқдан очиқ уруш бошлади

27 февраль кунига ўтар кечаси Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистон ҳудудига, жумладан пойтахт Қобул шаҳрига авиазарбалар берди. Бу ҳақда Покистон Мудофаа вазири Хожа Осиф Х ижтимоий тармоғида маълум қилиб, бир неча ойлик қуролли тўқнашувлардан сўнг кескинлик “очиқ уруш” босқичига ўтганини билдирди.


Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарор ҳам зарбалар Қобул, шунингдек Пактия ва Қандаҳор вилоятларидаги нишонларга берилганини тасдиқлаган. Кейинчалик Бош вазир Шаҳбоз Шариф Покистон Қуролли кучлари ҳар қандай тажовузкор ҳаракатни қатъий бартараф этишга қодир эканини таъкидлаган.

Ўтган ҳафта ҳам Покистон Афғонистон ҳудудига тунги авиазарбалар берган эди. “Толибон” маълумотига кўра, ўшанда камида 18 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Исломобод эса зарбалар Покистон ҳудудида содир этилган худкушлик ҳужумларига жавобан, чегарага яқин жойлашган гуруҳ лагерларига қаратилганини билдирган.

26 февраль куни афғон толиблари чегарадаги постларга “кенг кўламли ҳужум” уюштирганини ва кўплаб покистонлик ҳарбийлар ўлдирилганини даъво қилган. Покистон расмийлари ҳозирча икки нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Сўнгги ойлар давомида Афғонистондаги толиблар ҳукумати билан Покистон ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Исломобод қўшни давлатни ўз ҳудудида террорчилик ҳужумларини амалга ошираётган қуролли гуруҳларга қарши етарли чоралар кўрмаётганликда айбламоқда. “Толибон” эса бу айбловларни рад этмоқда.

2025 йил кузида Исломобод Қобулдан Теҳрик-и-Толибон Покистон (ТТП) гуруҳига қарши қатъий чоралар кўришни талаб қилган. Ушбу гуруҳ Покистондаги қуролли исломий тузилма бўлиб, афғон толиблари билан яқин алоқаларга эга.

Октябрь ойида Қобулда юз берган икки портлаш учун толиблар Исломободни айблаган, шундан сўнг афғон кучлари чегарадаги покистонлик ҳарбийларга қарата ўт очган. Бунга жавобан Покистон армияси оғир артиллерия, танклар, учувчисиз учиш аппаратлари ва қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда зарбалар берган.

Тўқнашувлар 2025 йил октябрь охиригача давом этган ва томонлар Қатар ҳамда Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган. Бироқ кейинги музокаралар тинчлик битими имзоланишига олиб келмаган.


Теглар:
×