200 млн йиллик жағ: олимлар янги птерозавр турини кашф этди

200 млн йиллик жағ: олимлар янги птерозавр турини кашф этди

Олимлар птерозаврнинг янги турини аниқлади. Ушбу қанотли судралувчи динозаврлар билан бир даврда яшаган ва тахминан 209 миллион йил аввал ҳаёт кечирган. Тадқиқот PNAS (Proceedings of the National Academy of Sciences) илмий журналида чоп этилган.\

Қайд этилишича, у Шимолий Америкада топилган энг қадимий птерозавр ҳисобланади. Унинг жағи 2011 йилда топилган бўлса-да, фақат замонавий технологиялар ёрдамида ушбу қолдиқлар илгари номаълум бўлган янги турга тегишли экани аниқланишига имкон берган.

Тадқиқотларга Вашингтондаги Смитсон табиий тарих миллий музейи олимлари раҳбарлик қилган. Янги турга Eotephradactylus mcintireae деган ном берилган – бу “тонг маъбудаси кулранг қанот” деган маънони англатади. Бу ном бир томондан юнон маъбудаси Эосни эслатади, бошқа томондан вулқон кулини. Айнан ўша кул суякларни қадимги дарё ўзанида сақланиб қолишига ёрдам берган.

Ушбу қолдиқ Чинле формациясининг юқори қатламларида топилган ва уни музей волонтёри, палеонтолог Сюзанн Макинтайр аниқлагани боис, тур номининг иккинчи қисми унга аталган.

“Топилмадаги энг ҳаяжонли жиҳат – жағдаги тишлар ҳали ҳам жойида бўлиши эди. Шу сабабли, бу ҳайвонни аниқлаш осонроқ бўлади”, дейди Макинтайр.

Тадқиқот ҳаммуаллифи доктор Бен Клигман тушунтиришича, “Триас даври птерозаврларининг суяклари жуда майда, юпқа ва кўпинча ичи бўш бўлгани учун улар осон емирилади ва тўлиқ қотмайди”.

У ушбу қолдиқлар билан 2018 йилдан буён шуғулланмоқда. Дастлаб олим топилган суяклар птерозаврга тегишли экани борасида шубҳаланган, чунки илгари бу қитъада фақат битта қадимги давр птерозаври аниқланган ва ҳеч қачон туб чўкиндиларда топилмаган.

Аммо “жағни диққат билан ўрганганимда барча шубҳалар йўқолди – махсус тишлар ва жағ тузилмаси бу птерозавр экани ҳақида шубҳасиз далил эди. Энг қизиқ томони бу қадар нозик ва кичик жағ дарё тошлари ҳаракатидан емирилмасдан қандай қилиб тўлиқ сақланган? Демак, у мутлақо ноёб шароитда қотган”, деган Клигман.

Тахминан 200 миллион йил аввал ҳозирги Петрифайд-Форест миллий боғи ҳудудидан қадимий дарё оқиб ўтган. Ушбу дарё аста-секин ҳайвонларнинг суякларини, тангачаларини ва бошқа изларини чўкинди қатламлар остига кўмиб, асраб қолган. Бу дарё қадимги Пангеа материгининг марказий қисмидан ўтган.

Топилган птерозавр жағи шу ҳудудда аниқланган 1200 дан ортиқ қолдиқларнинг фақат биттаси. Бу ерда балиқлар суяклари, тишлари, тангачалари ҳамда копролитлар (қотган нажаслар) ҳам топилган.

“Эндиликда биз ушбу қадимий дарё қатламларида птерозавр суякларини ажратиб олишга қодир эканмиз, демак, дунёда бошқа жойларда ҳам шундай триасс даври чўкиндилари бўлиши ва улар ҳам птерозавр қолдиқларини сақлаётган бўлиши мумкин,” дейди доктор Клигман.

Олимларнинг фикрича, топилган жой қадимги экотизимнинг “музлаб қолган онини” ифодалайди. Бу ерда ҳозирги замон ҳайвонлари аждодлари (масалан, қурбақалар, тошбақалар) динозаврлар билан ёнма-ён яшаган.

Клигманнинг сўзларига кўра, бу ҳудуд 200 миллион йил аввалги эволюцион ўзгаришнинг исботи ҳисобланади.

“Биз кейинчалик ҳукмрон бўлиб кетган ҳайвонлар гуруҳи билан бирга, йўқ бўлиб кетган қадимий турларни ҳам бирга кўришимиз мумкин”, дейди у.

Бу топилма птерозаврлар эволюциясига ҳам ёрқин нур ташлайди. 150 дан ортиқ птерозавр турлари очилган бўлса-да, улар ичида Шимолий Америкадаги триас даври вакиллари атиги иккитагина эди.


×