Бутун Украина бизники – Путин

Бутун Украина бизники – Путин

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 20 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) Россиянинг Суми шаҳрини босиб олишга уринишини истисно этмади.

Модераторнинг Россия армияси Кремль “Россияники деб ҳисоблайдиган” Украина ҳудудида олдинга силжиши ҳақидаги гапига изоҳ берар экан, Путин шундай деди:

“Мен рус ва украин халқларини бир халқ деб билишимни кўп марта айтганман, аслида. Шу маънода бутун Украина бизники”.

Украинадаги уруш ҳақида гапиришда давом этар экан, Путин “қадимги қоида” деб атаган иборани айтди.

“Бизда қадимий қоида бор: рус аскарининг оёғи қаерга етса, ўша ер бизники”, деди у. 

Шу билан бирга, Россия Президентининг сўзларига кўра, Кремль “Украинадан таслим бўлишга интилмаяпти”:

“Биз жойларда юзага келган ҳақиқатларни тан олишни талаб қиламиз”, деди у.

Путин, шунингдек, Россия армиясининг Украинанинг Суми шаҳрини босиб олишга уринишини ҳам истисно этмади. Президентнинг сўзларига кўра, Россия армияси Суми вилоятида 10-12 километрлик буфер зонасини яратган. 

“Саккиз, ўн, ўн икки километр. Кейин Суми шаҳри бор. Вилоят маркази. Бизда бундай вазифа йўқ – Сумини қўлга олиш. Лекин принципиал жиҳатдан мен буни истисно қилмайман”, деди Путин.

Маълумот учун, Петербург халқаро иқтисодий форуми жорий йилнинг 18–21 июнь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтмоқда. 2025 йилги форумнинг асосий мавзуси “Умумий қадриятлар – кўп қутбли дунёда ўсишнинг асоси”. 

Форумда йирик ва ўрта бизнес вакиллари, кичик корхоналар, халқаро компаниялар, давлат идоралари, экспертлар, таълим соҳаси вакиллари ҳамда ёш мутахассислар ва талабалар иштирок этмоқда.


Теглар:
×