Коррупцияга қарши курашда янги услублар

Бугунга келиб, юртимизда коррупцияга олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар тизими яратилди. 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги” Қонуни, 2021 йил
6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони билан эса бу иллатга қарши курашишнинг янги услублари амалиётга жорий қилинди.

Хусусан, юқоридаги ҳужжатга мувофиқ, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади.

Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

  • давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
  • уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши.

Шунингдек, Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилина бошланди.

Зарипахон Қурбонова,
Наманган вилоят маъмурий судининг раиси

×