Эрон энди янада агрессив сиёсат олиб боради – эксперт

Эрон энди янада агрессив сиёсат олиб боради – эксперт

Эрон янги Президент сайланганидан сўнг, янада агрессив ташқи сиёсат олиб бориши мумкин. Бундай фикрни жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти, шунингдек, АҚШнинг ҳарбий-стратегик фаолиятига ихтисослашган публицист Уильям Энгдаль билдирди. 

Эронда президентлик сайловлари жорий йилнинг 28 июнига белгиланган. Туркиялик экспертлар асосий кураш парламентнинг собиқ ва амалдаги спикерлари Али Ларижоний ва Муҳаммад Бағир Ғолибаф ўртасида кечиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. 

“Эроннинг вафот этган Президенти Иброҳим Раисий Эроннинг ҳарбий ёки дипломатик сиёсатида ҳал қилувчи шахс эмас, балки ички жараёнларга таъсир кўрсатган. У қаттиқ статус-квони ифодалаган ва мамлакатнинг кейинги диний раҳбари сифатида кўрилган. Раисийнинг ўлими Эронда ҳокимият бўшлиғини яратди, бу бўшлиқни катта эҳтимол билан консерватив ва калхат сиёсатчи тўлдиради. Эрон президентининг ўлими жаҳон дипломатиясида ҳам бўшлиқни юзага келтиради, Ғарб Эрон билан муносабатларда, айниқса, ядровий келишув ҳақида гап кетганда, нуфузли суҳбатдошни кўришни истайди”, дейди эксперт Туркиянинг “Haber Global” телеканали эфирида. 

Унинг қайд этишича, Эрондаги президентлик сайловлари олдидан Теҳрон ва Тель-Авив ўртасидаги можарода, шунингдек, Қўшма Штатлар билан билвосита музокараларда салбий ёки ижобий ўзгаришлар бўлишини кутмаслик керак. Бу босқичда қарорни Эроннинг руҳий раҳбари Али Хоманаий қабул қилади.

Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.


×