«Бахти Ташкентский»нинг ўғли ва яна беш киши қўлга олинди

«Бахти Ташкентский»нинг ўғли ва яна беш киши қўлга олинди

Тошкент шаҳрида бир қатор жиноятларни содир этишда гумонланган олти нафар шахс қўлга олинди.

ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, улар орасида Қудратуллаев Ихтиёр Бахтиёр ўғли ҳам бор бўлиб, у «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли ҳисобланади. У Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан гумонланиб қўлга олинган.

Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларнинг «Долзарб қирқ кунлиги» доирасида бир қатор жиноятларни содир этган яна беш киши ушланиб, гумон қилинувчи тарзида жалб этилган:

Зафаров Бегзод Бахтиёрович (1994 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик)

Жуманиязова Наргиза Рустамовна (1983 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик);

Бадалов Жаҳонгир Жўраевич (1975 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми, 168-моддаси 1-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик, фирибгарлик);

Сулаймонқулов Шерали Рўзиевич (1978 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик);

Турсунбоев Акмалжон Наримон ўғли (1995 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик).

Тергов қилинаётган жиноят иши доирасида гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

Фуқаролар агар ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлса ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 Telegram рақамига мурожаат қилиши сўралган. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади, дейилади ИИББ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Бахти Ташкентский» лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ҳам декабр ойи бошида қўлга олинганди.


×