Ўзбекистонда сув омборларини ижарага олишга рухсат берилмоқда

Ўзбекистонда сув омборларини ижарага олишга рухсат берилмоқда

Ўзбекистонда шу йилнинг 1 октябридан бошлаб тадбиркорлар давлат тасарруфидаги табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда уларнинг атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ижарага олишлари мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 18 августида имзоланган “Балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, шунингдек, балиқчилик хўжалиги ва қирғоқ туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда келтирилган.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб E-auksion электрон савдо майдончаси орқали онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар ижарага берилади: 

• давлат мулки бўлган табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари)

• дарёлар атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари

Қарорда белгиланишича, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ўзига берилган репродуктив аҳамиятга эга паст ва доимий ихтиофаунага эга бўлмаган табиий сув ҳавзаларини алоҳида фойдаланишга икки ҳафта муддатда Экология вазирлиги тизимидаги ташкилотларга самарали фойдаланиш учун топширади.

Шунингдек, қарорда 2023-2024 йилларда ўнта сув омборида – Андижон, Тўпаланг, Оҳангарон, Зомин, Қамаши, Чимқўрғон, Пачкамар, Чортоқ, Хожикент ва Ғазалкентда чорвачилик ва балиқчилик ҳамда қирғоқбўйи туризми объектларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Табиий сув ҳавзаларини ижарага беришдан олинган маблағларнинг 50 фоизи Экология жамғармасига, 40 фоизи Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш ҳузуридаги Давлат мулкидан самарали фойдаланиш марказига ўтказилади.

Бундан ташқари, табиий сув ҳавзаларини тижорат мақсадларида кўпайтириш ва балиқ овлашдан ташқари бошқа мақсадлар учун ижарага беришдан олинган маблағларнинг 90 фоизи Экология жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулкидан самарали фойдаланиш марказига ўтказилади.


×