Россия Президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Украинадаги можарони тартибга солишдаги воситачилик ролини юқори баҳолади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 7 июль куни журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Песковнинг айтишича, Туркия етакчиси Украина можаросини ҳал қилиш учун бир неча бор дадил саъй-ҳаракатларни амалга оширган. Матбуот котиби Эрдўғаннинг Украина Президенти билан бўлажак учрашуви ҳақида гапирар экан, Москва музокаралар натижаларини диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.
“Албатта, биз сиз айтган музокаралар натижаларини диққат билан кузатиб борамиз. Биз Анқара билан конструктив шериклик муносабатларимизни давом эттирамиз, бу алоқаларни қадрлаймиз ва Туркия томонидан ўзаро муносабатни ҳис қиламиз. Шунинг учун, албатта, жаноб Эрдўған ва жаноб Зеленский ўртасида нима муҳокама қилиниши бизни қизиқтиради. Бу муҳим”, дейди Песков.
Шу билан бирга, Кремль вакили Туркия ва Россия Президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтишини ҳам истисно этмаган.
“Путин ва Эрдўған ўртасидаги бўлажак мулоқотларга келсак, биз уларни истисно қилмаймиз. Мулоқот саналари аниқланиши билан сизга хабар берамиз”, деган у.
Бундан ташқари, Песков Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар жараёнини бошлаш истиқболи ҳозирча йўқлигини айтган.
“Турли даражаларда, жумладан, энг юқори даражаларда биз Россия томони ҳеч қачон музокаралар жараёнига эшик ёпмагани ҳақида гапирган эдик. Аммо ҳозирча биз бу музокара жараёнининг истиқболини кўрмаяпмиз. Мақсадларимизга эришиш биз учун муҳим. Уларга турли йўллар билан етишиш мумкин. Аммо ҳозирда, афсуски, сиёсий ва дипломатик воситалар, биринчи навбатда, Киев режимининг бундай имкониятни рад этиши, шунингдек Вашингтоннинг бу жараёнга очиқчасига мойил эмаслиги сабаб мавжуд эмас”, деган у Лукашенконинг музокаралар кузгача бошланиши мумкинлиги ҳақидаги гапига изоҳ берар экан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Эрдўған билан учрашиш учун Истанбулга ташриф буюриши, учрашувларда Украина уруши ва Дон йўлаги масаласи ҳам муҳокама қилиниши ҳақида хабар берилганди.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда қайси вилоят ҳайдовчилари кўпроқ таксичилик қилаётгани айтилди
Хайрулло Бозоров фаол журналист ва блогерларни муносиб тақдирлади
Вазирлик автовокзал ходими фуқарога куч ишлатганига муносабат билдирди
O‘zbekistonda oktabr oyining birinchi haftasi “Keksalar haftaligi” etib belgilandi
Душанбедаги шифохонада бирваракайига 4 нафар бемор пневмониядан вафот этди