Қирғизистоннинг қамоқдан озод этилган собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев кеча, 14 февраль куни Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида Кампиробод сув омборини бошқариш ва чегара масалаларини ҳал этиш бўйича келишувни олқишлади. У бу ҳақда гапираркан, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта эканини айтди.
“Бу аслида катта қадам. Ўзбекистон билан муносабатлар ҳақиқатан ҳам қувонарли”, дейди Атамбоев.
Унинг сўзларига кўра, Кампиробод сув омбори бўйича келишувга қарши чиққан жамоатчилик вакилларини қамамай, уларга ишончли далиллар келтириш керак эди.
“Бу тарихий қарор. Яхшиямки қўшниларимизда Президент Мирзиёев, Каримов эмас. Мирзиёевнинг Қирғизистонга, Қирғизистон халқига муносабатини биламан. Буни қадрлаш керак”, дейди Атамбоев.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Садир Жапаров томонидан жорий йилнинг 27 январь куни имзоланган келишувга мувофиқ умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловни олади.
Ўзбекистон томони сув омборидаги сув сатҳини 900 метрдан ортиқ бўлмаган даражада ушлаб туриш, қирғиз халқининг ресурслардан эркин фойдаланишини таъминлаш (ҳайвонларни суғориш, суғориш, балиқ овлаш), сув омбори атрофида муҳандислик-техник иншоотлар ўрнатмаслик мажбуриятини олади.
Қирғизистон томони эса сувни муҳофаза қилиш зоналари ташкил этилиши ва сувдан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятини олмоқда.
Тасодифий хабарлар
2022 йилда “Uzauto Motors” Давлат бюджетига қанча ҳисса қўшади?
«Ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради!» – Президент
DXXning soxta xodimi ushlandi. U musodara qilingan mashinalarni arzon narxda olib berishini aytgan
Депутат Сардоба фожиаси ҳақида: "Бу аҳвол билан AЭС қуриш тугул, ҳозирча унинг ёнига яқинлашмай турганимиз маъқул экан"
Вояга етмаган шахсни сўроқ қилишда психолог иштирок этиши белгиланди