Олимлар мамлакатларни зилзила бўлишидан 2 кун олдин огоҳлантирган

Олимлар мамлакатларни зилзила бўлишидан 2 кун олдин огоҳлантирган

Нидерланд сейсмолог олими Франк Ҳогербитс Туркиянинг жануби-шарқи, унга қўшни Сурия, Иордания ва Ливан билан чегарадош ҳудудларида яқин кунларда 7,5 магнитудалик кучли зилзила бўлишини воқеадан икки кун олдин прогноз қилган. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.

2 февраль куни эса Нидерландияда жойлашган SSGEOS – Сейсмик фаоллик билан боғлиқ самовий жисмлар ўртасидаги геометрияни мониторинг қилиш илмий-тадқиқот институти 4 февралдан 6 февралгача эҳтимол 6 даражагача ёки ундан юқори даражага қадар катта сейсмик фаоллик бўлиши мумкинлигини ҳатто видео тарзида тушунтириб ҳам берган.

Кўплаб туркияликлар унинг бу огоҳлантиришига мамлакат нима учун олдинроқ эътибор қаратмаганидан ғазабда.

“Буни қаердан биласиз? Нега давлатлар чоралар кўрмаяпти? Сиз бу ҳодисани 2 кун олдин билгансиз. Улар сиз каби олимларга ишонишлари керак эди”, дея твит изоҳини қолдирган Туркиянинг Келажак партияси маъмурий ва молиявий масалалар маслаҳатчиси Ўмер Айдоғмуш.

Сейсмолог олим Франк Ҳогербитс прогнозлари тўғри бўлиб чиққач, у яна ҳамдардлик руҳида Twitter’да изоҳ қолдирган.

“Туркия марказидаги ҳалокатли зилзиладан жабрланган ҳаммага ҳамдардлигимни изҳор этаман. Олдин ҳам таъкидлаганимдек, 115 ва 526-йиллардагига ўхшаш ер силкиниши ушбу ҳудудда яна содир бўлиши кутилганди. Биз бошдан кечирган бу зилзилалар кўпинча сайёрамизнинг қийин геометрик тузилиши туфайли келиб чиқади”, деган олим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 284 нафарга етгани ҳақида хабар берган эдик.


×