Наманганда мутахассис янгича фирибгарликка қўл урди

Наманганда мутахассис янгича фирибгарликка қўл урди

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддасига мувофиқ, фирибгарлик (168-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган) жиноятини содир этган шахс, ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчилар билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Лойиқбек Шарипов (исм шарифлар ва жой номи шартли) Чуст туманидаги “Бахт” маҳалласида ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича мутахассис лавозимида ишлаб келиб, 2022 йил март ойида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Ж.Ботировга ўзини сафарбарлик чақируви резерви пул бадаллларини фуқаролардан йиғиб юрганлиги ва қабул қилиб олинган бадал пули маблағларини банк муассасаларига топшириши ҳақида ёлғон айтиб, Ж.Ботировни алдаб, унга ўғли О.Аминовни сафарбарлик чақируви резерви хизмати учун 5.254.000 сўм миқдорда бадал пули тўлаши лозимлигини айтиб, Ж.Ботировдан шунча миқдордаги пул маблағларини олиб, ушбу пуллардан 3.354.000 сўмини банк муассасасига топшириб, қолган 1.900.000 сўмлик пул мабағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, фирибгарлик жиноятини содир этган.

Гумон қилинувчи Л.Шарипов суд мажлисида, ярашув тўғрисида ариза тақдим қилиб, айбига тўлиқ иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи билан ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Жабрланувчи Ж.Ботиров суд мажлисида ярашув тўғрисидаги ариза тақдим қилиб, Л.Шариповга нисбатан унинг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, аризани ўз хоҳиши билан ёзганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини айтиб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Суд, жабрланувчи Ж.Ботиров ва гумон қилинувчи Л.Шариповнинг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, Чуст туман прокурорининг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, гумон қилинувчи Л.Шариповнинг айбига иқрорлиги, етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, ярашув, гумон қилинувчи ва жабрланувчининг бирон-бир тазйиқсиз, ўз хоҳиши билан бўлаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноят, мазкур кодекснинг 661-моддасига мувофиқ, ярашувга тушишини инобатга олиб, Л.Шариповга нисбатан жиноят ишини, ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим топди.

Мирзохид Ҳайитов,

жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг судьяси


×