Туркия Украинадаги қон тўкилишини имкон қадар тезроқ тўхтатишга уринмоқда. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Остона шаҳрида ўтаётган VI саммитида гапирди. Эътиборга молик жиҳати, Украина масаласи кўтарилган машваратда Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашган. Туркия раҳбарига кўра, Россия–Украина уруши мавжуд мураккаб вазиятга қарамай, дипломатик чоралар орқали тўхталиши керак.
«Барчамиз ҳам минтақавий, ҳам жаҳон миқёсида Украинадаги инқироз асоратларини ҳис этмоқдамиз. Мен адолатли дунёни фақатгина дипломатия йўли билан барпо этиш мумкинлигини кўпдан бери таъкидлаб келаман. Урушда ғолиблар бўлмайди. Адолатли дунёда эса ҳеч ким мағлуб саналмайди», – деди Эрдўғон.
Жорий йил июль ойида Истанбул шаҳрида «Украина портларидан ғалла ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз олиб ўтиш ташаббуси» деб номланган битим имзоланди. Туркия раҳбарияти ва БМТ шафелигида имзоланган ҳужжат дунёда очлик муаммосини ҳал этишга қаратилган.
Президент Эрдўғон Остона саммитидаги нутқида Истанбул битими имзоланишини ютуқ деб атар экан, шу каби ижобий уринишлар давом этаётганини қайд этди.
Туркия етакчиси мажлис иштирокчилари ва халқаро ҳамжамиятни Украина урушини тезроқ тўхтатишга чақирди.
Сиёсатчи ўз нутқида халқаро хавфсизлик, террорга қарши кураш, БМТ фаолиятини ислоҳ этиш каби масалаларга ҳам тўхталган.
Аввал хабар берганимиздек, президент Эрдўғон Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида президент Владимир Путин билан учрашувда ҳам Украинада зиддиятни бартараф этиш масаласини кўтарган.
Эслатиб ўтамиз, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Унда кенг кўламли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Тасодифий хабарлар
Наманганда Президент Карори амалда!
Дахшат: Наманганда ака укаси учун касос олди
МИБ ХОДИМИГА ҚАРШИЛИК КЎРСАТИЛГАНЛИГИ ЮЗАСИДАН
Ана холос! АҚШнинг космосда ҳам душмани бор экан
Ўзбекистон ўтган йилда хориждан қанча бензин сотиб олди?