Андижонлик тадбиркор МИБ ходимига бензин сепиб, ёқиб юборишга уринди (видео)

Андижонлик тадбиркор МИБ ходимига бензин сепиб, ёқиб юборишга уринди (видео)

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида тадбиркор хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходимига қаршилик кўрсатиб, унга бензин сепиб, ёқиб юборишга уринди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 11 мартдаги ижро варақасига кўра, ундирувчи АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Хонобод шаҳар филиали фойдасига қарздор МЧЖдан 459 миллион 871 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувнинг гаров таъминоти ҳисобланган Хонобод шаҳар «Абдирауф Фитрат» МФЙ Шифокор кўчасида жойлашган 1410 кв/метр ер майдонига эга хизмат кўрсатиш бино-иншоотларига қаратиш белгиланган.

Фото: Видеодан кадр

Бироқ МИБ Хонобод шаҳар бўлими ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай, МЧЖ раҳбари кредит қарздорлигини қопламаган. Шу сабаб тадбиркорнинг гаровдаги мулки аукцион савдоларига чиқарилган. Бино аукционда сотилмагач, банкка кўчмас мулк сифатида қабул қилиш ҳақида таклиф берилган.

Ушбу ҳолат юзасидан бюро ходимлари бинони банк ихтиёрига топшириш ҳақида огоҳлантириш мақсадида қарздор билан учрашган пайтда қарздор, МЧЖ таъсисчиси М.Ю. бюро бўлим бошлиғига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлган. Ижро жараёнига жалб этилган ички ишлар ходими тадбиркорнинг қўлидаги «зажигалка»ни тортиб олган. Айни жараёнда бензин ички ишлар ходимига тўкилиб, унинг ҳаёти ҳам хавф остида қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хонобод шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

×