Россиядан қайтаётган мигрантларни 18 та мамлакатга юбориш чоралари кўрилмоқда

Россиядан қайтаётган мигрантларни 18 та мамлакатга юбориш чоралари кўрилмоқда

Украина ҳудудида Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш энг аввало икки мамлакат, қолаверса, бутун дунёга таъсир кўрсатишни бошлади. Россия рублининг қадрсизланиши ва валюта айирбошлаш билан боғлиқ муаммолар Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бу ҳолат мигрантларнинг ойлик маоши, уйга жўнатадиган маблағига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади.

Ўзбекистонда бугунги кунда Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида 18 та давлат билан ҳукуматлараро ва идоралараро битим имзолаш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда кеча, 5 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги  раҳбари Афзал Ирматов маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида Канада, Франция, Латвия, Финляндия, Исроил, Болгария, Греция, Италия, Баҳрайн, Бельгия, Қатар, Қозоғистон, Қувайт, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Польша, Сингапур каби 18 та давлат билан ҳукуматлараро ва идоралараро битим имзолаш имкониятлари кўриб чиқилган.

Шунингдек, Баҳрайн, Бельгия, Болгария, Греция, Италия, Исроил, Қатар, Қозоғистон, Қувайт, Малайзия, Саудия Арабистони, Сингапур ва Озарбайжон давлатларининг ваколатли органларига киритилган Ҳамкорлик битими лойиҳалари ушбу давлатларнинг масъул идоралари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Маълумотга кўра, Канада, Латвия, Польша, Финляндия ва Франция давлатларнинг иш берувчилари билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича Ҳамкорлик шартномалари имзолаш ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни ривожланган мамлакатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятига юбориш мақсадида, Швейцария, Германия, Словакия, Латвия, Литва, Болгария, Исроил, Польша, Чехия, Сербия, Хорватия, Финляндия, Нидерландия ва Япония каби давлатларнинг ишга жойлаштириш соҳасидаги ваколатли компаниялари билан ўзбекистонликларни ташкилий ишга жойлаштириш бўйича 30 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг биринчи чорагида 3 минг 522 нафар фуқаро хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 2 минг 183 нафари Россия Федерациясига, 44 нафари Қозоғистон Республикасига, 1 минг 293 нафари Жанубий Кореяга ва бошқа давлатларга ишлаш учун юборилган.

×