АҚШ телеканали “Путиннинг асири” ҳақида фильм суратга олди

АҚШ телеканали “Путиннинг асири” ҳақида фильм суратга олди

HBO Max ва CNN Films компаниялари Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши, даволаниши ва Россияга қайтиши ҳақида ҳикоя қиладиган ҳужжатли фильмни суратга олди. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.

Қайд этилишича, фильм “Навальний” деб номланган. Картинага ҳужжатли фильмлар бўйича мутахассис канадалик Дэниэл Роэр режиссёрлик қилган. У ўз ишини “бир инсон тақдири ва унинг авторитар режимга қарши кураши”, дея таърифлаган. Фильм продюсерлари орасида Навальнийнинг шериги Мария Певчих ҳам бор.

Фильм Шимолий Америкадаги CNN телеканалида эфирга узатилади, уни транслация қилиш ҳуқуқи HBO Max ва CNN+ га тегишли. Фильм қачондан бошлаб намойиш этилиши ҳозирча номаълум. 

Маълумот учун, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.

Кейинроқ “Ив Роше” иши бўйича суд қилинган мухолифатчи 3,5 йилга қамалди. Ўлишига бир бахя қолган Навальнийнинг ўзи бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.

2021 йилнинг 19 январь куни Навальний томонидан ташкил қилинган Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг қасри” ҳақидаги фильмни эълон қилди. У 100 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди, ижтимоий тармоқлар эса шу мавзудаги мемларга тўлиб кетди. Ҳукумат унинг қаср эмас, апарт-меҳмонхона эканлигини ва унга Путин эмас, балки унинг дўсти Аркадий Ротенберг эгалик қилишини маълум қилди.

Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, унинг жазони колонияда ўташи ҳақида қарор чиқарганди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди. Навальний колонияда яна 2,5 йил давомида суд белгилаган жазони ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош мукофоти “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олган.

×