Андижонда университетнинг 4-қаватидан аёл тушиб кетди

Андижонда университетнинг 4-қаватидан аёл тушиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университетининг тарих факультети биносининг тўртинчи қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Университет маъмурияти ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳақиқатда бугун соат 14:00 атрофида Андижон давлат университети 1000 ўринли биноси 4 қаватидан аёл киши эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.

Ҳолат қуйидагича содир бўлган: бугун, 4 декабр куни ижтимоий-иқтисодиёт факултети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг 1000 ўринли биноси 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашган.

Айни вақтда шу қаватда бинонинг зиналарини янги, бақувватроғига алиштириш учун эскиси олиб ташланиб, янгисини ўрнатилиш ишлари амалга оширилаётган бўлган.

Аёл телефонда суҳбатлашиш жараёнида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи белги ва тўсувчи тасмаларга аҳамият бермасдан зинапоя томонга юрган ва эътиборсизлик оқибатида тушиб кетган. Бунда қурилиш-таъмирлаш ишлар олиб борилаётган ҳудуд тўлиқ беркитиб қўйилмаганлиги, тўсиқ ленталарига эса эътибор бермаслиги сабаб бўлган.

Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ университетнинг масъул ходимлари томонидан шошилинч тез ёрдам чақирилиб, фуқаро республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига университет маъмурияти вакиллари ҳамроҳлигида олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган.

Маълум қилинишича, аёл ҳомиладор бўлмаган.

Вазият бўйича қўшимча ахборот бериб борилиши қайд этилган.

×