Соф тилда сўзламаганлар учун жарима

Соф тилда сўзламаганлар учун жарима

Қуйидаги келтирилган ҳикоя 1960-1980 йиллари Москва шаҳрида Марказий олий ўқув юртларида таҳсил олган бир гуруҳ ўзбекистонлик талаба ва аспирантлар хотираларидан иборат «Мезон-фидоийлик» номли китобда келтирилган.

Асар муаллифлари Н.Мўминов ва А Ғаниев ўша даврларда Москва олийгоҳларида таҳсил олишган.

Москва энергетика институти, 407-хона. Соф тилда сўзламаганлар учун жарима

...1963 йил. Москва энергетика институти (МЭИ) талабалар шаҳарчаси. Талабалар шаҳарчаси институт ёнида жойлашган бўлиб, барча қулайликларга эга эди. Талабалар ётоқхоналарининг ҳар бир хонасида 3 ёки 4 киши жойлаштириларди.  

Фақат чет эллик талабаларнинг ҳар бирига алоҳида хона бериларди. Чет эллик талабалар «Юртдошлар» жамиятини тузиб, ўзлари орасида «сардор» (староста) сайлашар эди. Сардор ўзи яшаб турган хонанинг эшигига  ўз мамлакатининг байроғи рамзини елим билан ёпиштириб қўярди. Шу хонада ватандошлари билан суҳбатлар, «Юртдошлар»га тегишли масалаларни муҳокама қилишарди.

МЭИнинг электроэнергетика факультети талабалари талабалар шаҳарчасидаги 7-корпусда жойлашган эди. Шу корпуснинг  407-хонасида талабалар – Абдусапи Ғаниев, Қаҳрамон Аллаев ва Шавкат Раҳимов туришарди. Улар ўзларининг хона эшигига худди чет эллик «юртдошлар» сардорлари каби, Ўзбекистон байроғи рамзини ёпиштириб қўйишди. Ушбу хона 1963-1973 йилларда Москва шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар марказига айланиб қолган ва бу хонага турли олий ўқув юртларида ўзбекистонлик талабалар орасидан сайланган «сардорлар» тез-тез келиб туришар эди... 

...Хонадон эгалари ўша йиллари ажойиб бир ташвиқот уюштиришди.

Хонадаги стол устига 3 литрлик шиша идиш қўйилган. Хонага кирган ватандошлардан бу хонада рус тилига ўзбек тилини аралаштирмасдан, ва, баробар, ўзбек тилига русча сўзларни қўшмасдан гапириш шартини тушунтиришарди. Кимда-ким шартни бузса, ҳар аралашган сўз эвазига 3 тийин жарима тайинланган бўлиб, уни шиша идишга ташлаши керак эди. (3 тийинга учта қути гугурт, ёки бир стакан газли ширин сув ёки ширин чой сотиб олиш мумкин эди. Трамвайда бир тарафга хоҳлаган манзилгача етиб бориши мумкин эди, чунки чипта нархи ҳам 3 тийин бўлган).

Соф тилда сўзламаганларга жарима тайинлаш тартиби илк киритилган кунлари, хонадон эгаларининг  нутқида мавжуд бўлган сўзлар аралашуви сон-саноқсиз бўлиб, шиша идиш жарима тангаларига тезда тўлиб қолаверди. Бироқ иқтисодий чора ўз самарасини бериб, йигитлар луғатларга мурожаат қилиб, тез кунларда ўз тилини анчагина «тозалашга» эришдилар. Хонага ташриф буюрган ўзбекистонликлар бу «ўйинга» қизиқиб қатнашишар, лекин урф бўлиб қолган аралаш сўзлашув дастидан киссаларидаги майда пуллар тезда идиш ичига равона бўлар эди. Айримлари жаҳли чиққандек «мана олларинг» деб биратуласи тийинлик жарима ўрнига бир рубль ташлаб, кейин эса мириқиб, рус-ўзбек тилини хоҳлаганча аралаштириб, «қаватли» қилиб, кўнглини бўшатиб оларди ҳам. Бу «шартни» ҳамма тўғри тушуниши учунми, хонадаги жавон эшигига Алишер Навоийнинг қуйидаги сўзлари ёзилган қоғоз ёпиштирилган эди: «Тилга эътибор – элга эътибор».

407-хонадаги бу одат йиллар буйи давом этди, мезбонлар ва меҳмонлар ҳам хонага кирганда тилига эҳтиёт бўлишар эди, ўзбек тилида тоза гапиришга анчагина ўрганишган, ён дафтарларига  янги сўзларнинг таржимасини ёзиб қўйишарди. Шиша идишнинг баракаси учиб, тўлмай қолар ва шанба ёки якшанба куни жамоа учун уюштириладиган палов харажатига етмай қолар эди. Бунинг чораси ҳам топилди, хонадон эгалари, бир овоздан, ҳар бир аралаштириб айтилган сўз учун жарима миқдорини 3 тийиндан 5 тийингача оширишди...

Қизиғи шундаки, ушбу ташвиқот жараёни йиллар ўтиб бугунги кунда ҳам айрим жойларда турлича қўлланилиб келинмоқда экан. Масалан, Россия Назорат Қўмитасининг раҳбари Александр Жаров «Россия-24» телеканалида 2017 йилнинг 19 сентябрида берган интервьюсида, қўпол сўзлашишни камайтириш бўйича даъват қилиб, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда бундай ҳолларда ҳар бир қўпол ибора учун тимсолий бир рублдан жарима тўлашни таклиф қилган. Йиғилган маблағ хайрия тадбирларга ишлатилиб келмоқда. Жаровнинг фикрича, ушбу жараённи кенг тарзда нафақат бир ташкилот миқёсида, ҳатто интернет, радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам қўлланса мақсадга мувофиқ бўлиб, амалий натижаларга эришиш мумкин.

Бизнинг мисолимизда, шу каби тадбирлар кун сайин ўз устингда ишлаш, давлат тилида соф сўзлашиш ва фикрлашни ўрганиш, миллатпарварлик руҳини шаклантиришга олиб келган омиллардан бири эди...

×