Фарғона шаҳрида 2007 йилда қотиллик ва ўғрилик жиноятларини содир этган шахсга 2021 йилда суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят суди хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 1975 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган, Фарғона шаҳрида яшовчи Аҳрор Раматов (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2007 йилнинг 4 ноябрь куни соат 19:30 да маст ҳолда кетаётиб, кўчада маҳалладоши 1983 йилда туғилган Мардон Топволдиевни кўриб қолган. Учрашув давомида Аҳрор енгил табиатли аёллар билан «дам олиш»ни таклиф қилган.
Мардон рози бўлгач, икковлон «енгил табиатли» аёллар турадиган жойга келиб, марҳума Мафтуна Ҳосилова ҳамда Тўлқиной Пармонова билан танишиб, дам олиб ўтиришга келишиб, Мафтунанинг уйига борган. Уйда ўзлари билан олиб келган спиртли ичимликларни истеъмол қилгач, соат 23:00 ларда Тўлқиной Пармонова уйига кетган. Шундан сўнг Аҳрор уй эгаси билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида Мафтунанинг уятли сўзлар билан ҳақорат қилганидан ғазабланган Аҳрор хонада турган DVD аппаратининг электр сими билан аёлнинг бўйнидан бўғган. Оқибатда аёл ҳушини йўқотган.
Шундан сўнг Аҳрор уй эгасини ўлган деб ҳисоблаб, жиноятга гувоҳ бўлган Мардонга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмасликни уқтириб, хонадонда бўлган «Конедак» номли DVD ва Siemens номли телефонни яширин равишда олиб чиқиб кетган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Мафтуна Ҳосилова олган тан жароҳати натижасида 2007 йилнинг 5 ноябрь куни шифохонада вафот этган.
«Ушбу воқеадан сўнг Мардон билан уйга қайтдик. Ўғирланган нарсаларни уйга олиб киришдан қўрқиб, ёнимиздаги ариқ ён томонига кўмиб қўйдим. Орадан беш-олти кун ўтгач, Россияга кетдим. У ерда олти ой ишлаб қайтиб келиб, кўмиб қўйилган аппаратларни қараганимда жойида турган экан. Ишлатмоқчи бўлдим, аммо қўрқдим. Бундан ташқари эскириб, занглаб кетган эди, бўлакларга бўлиб, лўлиларга сотдим. Ҳеч ким шубҳаланмаганлиги учун воқеани ҳаммадан сир сақладим. Шеригимга ҳам тилига маҳкам бўлмаса, ёмон бўлишини билдириб, огоҳлантирганим учун жим юрди. Аслида уни ўлдириш ниятим бўлмаган. Фақат у нафсониятимга теггани учун ўзимни тутиб туролмадим. Қилган ишларимдан пушаймонман», — дейди судда сўз олган судланувчи.
Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, Аҳрор Раматовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан айблаб, унга нисбатан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ суд ҳайъати, Олий Мажлис Сенатининг 2007 йил 30 ноябрдаги, 2012 йил 5 декабрдаги, 2013 йил 12 декабрдаги, 2014 йил 14 ноябрдаги қарорларида кўрсатилган тегишли бандларни қўллаб, ўталмай қолган жазо муддатини тўртдан бир қисмига қисқартиришни лозим деб топган
Тасодифий хабарлар
Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида етти нафар нотариуснинг лицензияси тўхтатилди
Наманганлик журналист вафот этди
Ўзбекистонда Янги йил байрамида нечта одам пиротехника воситаларидан жабр кўргани айтилди
Ана холос! Энди уйдан чиқиш учун махсус рухсатномалар жорий этилади
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20 минг 226 нафарга етди